ҚАЙРОҚИ МАҲАЛЛАСИДА АҲОЛИНИ ҚИЙНАБ КЕЛАЁТГАН ЙЎЛ МАСАЛАСИ ЎРГАНИЛДИ
ҚАЙРОҚИ МАҲАЛЛАСИДА АҲОЛИНИ ҚИЙНАБ КЕЛАЁТГАН ЙЎЛ МАСАЛАСИ ЎРГАНИЛДИ
Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши доимий комиссиялари раислари Қодиров Икромжон Жўраевич, Отабоев Фахриддин Жўрабоевич, Аралов Латифжон ҳамда ҳудуд депутати Мирзалиев Ҳабибулло Авазбекович иштирокида Қайроқи маҳалласи аҳолисининг ички йўлни асфальтлаш масаласидаги мурожаати жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Мурожаатда маҳалладаги ички кўчани асфальтлаш ишлари тегишли дастурга киритилган бўлса-да, белгиланган ишлар бугунги кунга қадар амалга оширилмагани ва бу ҳолат аҳолига қатор ноқулайликлар келтириб чиқараётгани билдирилди.
Ўрганиш жараёнида кўчанинг бугунги ҳолати кўздан кечирилди. Йўлнинг таъмирталаблиги, айниқса, ёғингарчилик кунларида лой ва кўлмаклар ҳосил бўлиши натижасида пиёдалар ҳамда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши қийинлашаётгани қайд этилди. Бу ҳолат мактабга қатновчи ўқувчилар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа аҳоли вакилларига жиддий ноқулайлик туғдираётгани таъкидланди.
Фуқаролар билан ўтказилган мулоқот давомида уларнинг мазкур масала бўйича фикр-мулоҳазалари, эътирозлари ва таклифлари тингланди. Аҳоли вакиллари йўлни асфальтлаш ишлари дастурда назарда тутилган бўлса-да, ижро кечикаётгани ҳамда ишларни бошлаш муддати юзасидан аниқ маълумот берилмаётганини билдирдилар.
Депутатлар томонидан асфальтлаш ишларининг кечикиш сабабларини аниқлаш, объектнинг лойиҳа ҳужжатлари, молиялаштириш манбалари, пудратчи ташкилот ва ишларни бажариш муддатларини ўрганиш зарурлиги қайд этилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юбориш, дастурда белгиланган ишларнинг ижросини тезлаштириш ҳамда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида аҳолига аниқ маълумот бериш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Қайроқи маҳалласи аҳолисининг мазкур мурожаати депутатлар томонидан назоратга олинди. Масала ижобий ҳал этилгунга қадар депутатлик назорати давом эттирилади.
🇺🇿 Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши матбуот хизмати.
📱Телеграм 📱Facebook|📱 instagram| 📱 Youtube