Президентимиз раислигида олий таълим битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича кенгайтирилган йиғилишда ишга жойлашишни ҳисоб китоб қилишдаги камчиликлар танқид қилинди. Масалан, бу йил 231 минг олийгоҳ битирувчисидан 125 минги иш топди, деб керакли идораларга ҳисобот берилгану аслида ишли бўлганларнинг 42 минги ўзини ўзи банд қилганлиги аниқланган.
Йиғилишда яна бир муҳим масалани давлатимиз раҳбари очиқладилар. Ҳақиқатдан ҳам айни пайтда олий таълим муассасаларини битириб чиқаётган талабалар иш берувчининг талабига жавоб бермайди. Бунинг устига диплом олган ёшларнинг ярмидан кўпи кам малака талаб этадиган ишларда банд.
Мамлакатимиздаги иқтисодиёт, юридик, тиббиёт,тиллар ва педагогика каби қирқта йўналишдаги олийгоҳларга молиявий мустақиллик берилгани туфайли етарли маблағи бор. Бироқ, керакли долзарб бўлиб турган қишлоқ хўжалиги, ветеринария, муҳандислик, аниқ ва табиий фанлар йўналишидаги кўпгина олийгоҳлар даромад топишга ўрганмаётгани Президентимиз томонидан кўрсатиб ўтилди.
Шу кунларда бизнинг вилоятимизда ҳам кўплаб олийгоҳлар фаолият юритмоқда. Биргина Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти мисолида оладиган бўлсак, ҳар йили Президентимиз кўрсатмалари асосида таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида интеграция йўлга қўйилгани боис 700 нафардан ортиқ талабаларнинг амалиёти таълим кластери таркибидаги корхоналарда ташкил этилмоқда. Яна бир эътиборли муҳим жиҳат шундаки, ишлаб чиқариш корхоналарининг таклифлари асосида таълим йўналишларига 10 дан ортиқ янги фанлар киритилди ва фан дастурлари такомиллаштирилди. Ҳар йили иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Кластер корхоналари томонидан танловлар жорий этилмоқда. Шу сабабли ҳам олийгоҳ талабаларидан 20 нафари “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ва 5 нафари “Uzьeкistап GTL” МЧЖ жорий этган стипендия танловлари ғолиби бўлди. 69 нафар талаба эса муқим иш билан таъминланди.
Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганларидек, воҳамиздаги барча олийгоҳларда ҳам битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласи кўнгилдагидек эмас. Шундан келиб чиқиб, олийгоҳлар ўз фаолиятида кескин бурилиш ясаши керак. Энди бундан буён Президентимиз кўрсатмалари асосида инвестор эҳтиёжига мос келган битирувчилар кафолатли ишга олинадиган тизим яратилади. Барча вилоятларда “Бизнес инкубатор”лар ташкил этилади. Хусусий сектор учун маъқул келадиган тизим яратилиши белгиланди. “Янги Ўзбекистон” университетининг баҳолаш тизими бошқа олийгоҳларда ҳам йўлга қўйилиши кўрсатиб ўтилди.Бундан буён битирувчиларни ўзини-ўзи банд қилганлиги инобатга олинмайди. Президентимиз яна бир муҳим ташаббусни илгари сурдилар. Энди 5 та олийгоҳни танлаш имконига эга бўлган абитуриентларнинг тўплаган бали билан бирортасига киролмаган бўлса, бошқа олийгоҳдаги тўлмаган йўналишга тўғри келса, шу олийгоҳ ректори уларни контракт асосида қабул қилиши мумкин бўлади. Тармоқ-корхона –олийгоҳ уч томонлама шартнома тузилиб талабалар ишга жойлаштирилади. 30 минг битирувчи бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашилади. Президентимиз ҳозир банд бўлмаган 92 минг битирувчини ишга жойлаштириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш йўналишларини кўрсатиб ўтдилар.Шунингдек, йиғилишда битирувчиларга имтиёзли кредит бериш, ёшларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга эса 5 миллиард сўмгача кредит ажратиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, илм фан йўлида изланиш олиб бораётган олимлар ва тадқиқотчиларнинг фаолиятини шаффоф акс эттиришга хизмат қилувчи замонавий платформалардан фойдаланиш лозимлиги юзасидан аниқ кўрсатмалар бердилар.
Биз партия фаоллари, депутатларимиз ва ҳамкор ташкилотлар билан Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, битувчиларнинг бирортаси ҳам ишсиз қолмаслиги учун аниқ йўналишларда ишларни ташкил этиш чорасини кўряпмиз.
Руиддин Раупов,
“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.