Тошкент шаҳри жорий йилнинг 10-12 июнь кунлари тўртинчи бор халқаро инвестиция форумига мезбонлик қилди.
Форумда 8 мингдан ортиқ делегат, жумладан, 100 га яқин давлатдан салкам 3 минг нафар хорижий меҳмон иштирок этди. Буни, авваламбор, мамлакатимизга бўлган ҳурмат, ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорликнинг амалдаги ифодаси дейиш мумкин.
Қолаверса, форум доирасида йирик инвестиция лойиҳалари бўйича музокаралар олиб борилди ва умумий қиймати 30,5 миллиард долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзоланди. Бу натижа Ўзбекистон бозорига бўлган ишонч ва мамлакатдаги инвестиция муҳити яхшиланиб бораётганини кўрсатади. Ушбу натижалар нафақат хорижий сармоядорларнинг ишончи ортаётганини, балки Ўзбекистоннинг стратегик тармоқларда юқори технологиялар ва барқарор инвестициялар жалб этишга интилаётганини ҳам тасдиқлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат инвестициялар жалб этиш, балки стратегик ҳамкорлик ва тараққиёт йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон бу каби халқаро майдонларда ўзини очиқ, ислоҳотчи ва барқарор иқтисодий сиёсат юритувчи давлат сифатида намоён этмоқда.
Тадбир натижалари шуни кўрсатадики, мамлакат нафақат минтақавий, балки глобал сармоядорлар учун ҳам ишончли ҳамкор ҳисобланмоқда. Форумнинг юқори савияда ташкил этилиши, эришилган аниқ ва амалий натижалар, шу жумладан, миллиардлаб долларлик янги келишувлар ва лойиҳалар, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади ва унинг жаҳон иқтисодий майдонидаги ўрнини мустаҳкамлайди.
Мовжуда Бекташева
Халқ депутатлари Гулистон шахар депутати