Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 19 ноябрдаги Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий Кенгашларни кенг жалб этиш, қонунларда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишига эришиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантиришга қаратилган бугунги Концепцияда юқоридаги вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Концепцияда аҳоли ва ҳудуд манфаатларига оид масалалар бўйича маҳаллий Кенгаш ва Сенатнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган бир қанча вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, ҳудуддаги муаммоларни ҳал этиш бўйича “маҳалла еттилиги” – туман (шаҳар) Кенгаши – вилоят Кенгаши – Сенат” 4 босқичли тизимни йўлга қўйиш белгиланди. Унга кўра, ҳудудни ривожлантириш дастурларидаги бажарилмаётган масалалар ҳамда аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммолар “маҳалла еттилиги” билан аниқланиб, туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасида ҳал этиш чораси кўрилади.
Бунда республика даражасида ҳал этиладиган ҳудуд манфаатларига оид муҳим масалалар Олий Мажлис Сенати муҳокамасига олиб чиқилади.
Бундан ташқари, Концепцияда маҳаллий Кенгашларнинг қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифларини Сенатга киритиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш, умуман айтганда, қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий Кенгашларни кенг жалб этиш белгиланди.
Бундан ташқари, назорат-таҳлил тадбирларида ҳам Сенат ва маҳаллий Кенгашлар ҳамкорлигини кенгайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Бу каби ижобий янгиликлар ҳудуд манфаатларига оид муҳим масалаларни ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда маҳаллий Кенгашларнинг Сенат билан ҳамкорлигини янада кучайтиришга, ҳудудий муаммоларни Сенат орқали Ҳукумат даражасига олиб чиқиб, ижобий ҳал этиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Д. ХУДАЙБЕРГЕНОВА,
O’ZLIDEPдан сайланган туман Кенгаши депутати.