Мамлакатимизда амалга оширилаётган
ислоҳотлар босқичма-босқич янги мазмун ва кўлам касб этмоқда. Хусусан, маҳаллий
давлат бошқаруви тизимида халқ манфаатларини тўлиқ инобатга олган ҳолда самарали
механизмларни жорий этиш, жойлардаги муаммоларни жойида ҳал этишга қаратилган
ёндашувлар долзарб аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз томонидан қабул
қилинган “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик
органлари фаолиятини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги
Фармон ана шундай ислоҳотларнинг мантиқий
давоми сифатида, мамлакатимизда маҳаллий вакиллик органларининг ваколатларини
кенгайтириш, таъсирчанлигини ошириш ва халқ билан мулоқотни институционал асосда
кучайтиришни мақсад қилган. Ушбу ҳужжат орқали маҳаллий Кенгашлар фаолиятини
янги босқичга олиб чиқиш, уларни ҳақиқий халқ вакилларига айлантириш учун
ҳуқуқий ва ташкилий асослар яратилмоқда.
Фармонга мувофиқ, маҳаллий
Кенгашларга бир қатор муҳим ваколатлар берилди. Жумладан, давлат кўчмас мулки
ижара тўловлари ставкаларини белгилаш, дафн этиш хизматлари тарифларини
тасдиқлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун иш ўринлари захирасини
шакллантириш, шунингдек йўл ҳаракати тезлигини маҳаллий даражада белгилаш
ваколати бевосита маҳаллий депутатлар ихтиёрига ўтди. Бу орқали жойлардаги
муаммоларни тўғридан-тўғри ҳал этиш имкони пайдо бўлмоқда. Бундай кенг
ваколатлар маҳаллий масалаларни жойида ҳал қилишга хизмат қилади, аҳолининг
давлатга нисбатан ишончини мустаҳкамлайди ҳамда депутатларнинг жавобгарлиги ва
фаоллигини оширади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати —
маҳаллий ташаббуслар ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш масаласидир. Хусусан,
Олий Мажлис ҳузуридаги Ёшлар парламенти тажрибаси асосида маҳаллий Кенгашлар
қошида Ёшлар гуруҳлари ташкил этилиши белгиланди. Бу билан ёшлар нафақат
ташаббус кўрсатади, балки маҳаллий қарорлар қабул қилинишида бевосита иштирок
этади. Шу билан бирга, ННТлар, маҳалла вакиллари, фуқаролик жамияти
институтлари ҳамда олимлардан иборат Маслаҳат гуруҳлари ташкил этилиши
жамоатчилик назоратини кучайтириб, қарорларнинг очиқ ва асосли қабул қилинишига
хизмат қилади.
Бошқарув самарадорлигини
оширишнинг яна бир муҳим омили — молиявий мустақилликдир. Мазкур Фармонга
асосан маҳаллий Кенгашлар котибиятлари мустақил молиявий ҳисоб-китоб тизимига
эга бўлади. Бюджетни шакллантиришда депутатларнинг бевосита ташаббуслари
инобатга олинади, бу эса халқ вакиллари орқали маблағлар манзилли ва мақсадли
тақсимланишига имкон беради. Бу ҳолат маҳаллий молиявий сиёсатда шаффофлик ва
самарадорликни таъминлаб, депутатларнинг иқтисодий масалалардаги таъсирини
янада кучайтиради.
Фармон билан жорий этилаётган яна
бир инновацион ташаббус — халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси ўринбосари
институтидир. Мазкур лавозим маҳаллий Кенгаш фаолиятини тизимлаштириш,
депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, фуқаролар мурожаатларини таҳлил
қилиш ва доимий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаларини ўз
зиммасига олади. Шу тариқа, мазкур институт маҳаллий бошқарувни таъсирчан ва
мулоқотга очиқ тизим сифатида шакллантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур ҳужжат билан
маҳаллий Кенгашлар фаолиятига “Кенгаш соати” институти жорий этилиши
белгиланган бўлиб, бу депутатлик назоратини кучайтиришда муҳим қадам саналади.
Энди маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари Кенгаш олдида аҳоли учун
долзарб бўлган ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан ахборот беради.
Бунда депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида
очиқ мулоқот ташкил этилади, муаммолар муҳокама қилинади ва ҳал этиш бўйича
аниқ чора-тадбирлар белгиланади. “Кенгаш соати” — маҳаллий даражада халқчил
бошқарувни ривожлантириш, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашда самарали майдон
бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бирга, ҳужжатда маҳаллий ижро ҳокимияти тизимида очиқлик ва
масъулиятни таъминлаш мақсадида янги тартиб жорий этилмоқда. Энди вилоят, шаҳар
ва туман ҳокими ўринбосарлигига номзодлар тасдиқланишидан аввал тегишли
маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари хулосаси олинади. Бундан ташқари,
ҳар бир номзод Кенгаш сессиясида ўз йўналиши бўйича ҳудудни ривожлантириш
бўйича аниқ дастурини тақдим этиши шарт бўлади. Бу эса масъул шахслар зиммасига
аниқ вазифалар юклаш, халқ ва вакиллик органлари олдида ҳисобдорликни
таъминлашга хизмат қилади.
Қайд этиш лозимки, мазкур ҳужжат маҳаллий даражада
халқ манфаатларига хизмат қилувчи, демократик ва очиқ бошқарув тизимини яратишга
хизмат қилади. Эндиликда депутатлар ташаббус кўрсатувчи, масъул қарорлар қабул
қилувчи ва жамоатчилик олдида жавобгар шахс сифатида фаолият олиб боради, ёшлар
ва жамоатчилик вакилларининг жалб этилиши эса маҳаллий бошқарувни инклюзив ва
кенг қамровли жараёнга айлантиради.
Шу билан бирга, молиявий мустақиллик ва масъулиятли
маблағлар бошқаруви маҳаллий ҳокимиятнинг ҳақиқий институционал салоҳиятини
юзага чиқаради. Маҳаллий Кенгаш раиси ўринбосари институти эса бутун вакиллик
органининг ички ислоҳотини таъминлайдиган муҳим механизм сифатида аҳамият касб
этади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармони билан тасдиқланган концепция — бу
фақат ҳужжат эмас, балки жамият, халқ ва давлат ўртасидаги алоқани
мустаҳкамлашга қаратилган муҳим сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотдир.
2030 йилга қадар шакллантириладиган ушбу
модель — маҳаллий даражада халқчил бошқарувни кучайтириш, электрон мулоқот,
назорат механизмлари ва жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бу каби ислоҳотлар “Халқ давлат
идоралари учун эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак” деган
олижаноб ғояни ҳаётга татбиқ этишда асосий ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат
қилади.
Даврон
Кесимов, Демократик
жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.