Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Остона шаҳрида "Марказий Осиё - Хитой" иккинчи саммитида иштирок этди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни устувор йўналишларда кенгайтириш истиқболлари, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Президенти нутқининг аввалида ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали минтақанинг барқарор тараққиётини қўллаб-қувватлашдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.
2023 йилда Сиань шаҳрида ўтган биринчи саммитдан сўнг "Марказий Осиё - Хитой" форматидаги ҳамкорликда катта муваффақиятларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.
Хусусан, котибият ташкил этилди, вазирлар, экспертлар учрашувлари ва йиғилишларини ўтказиш механизмлари ишга туширилди, кенг кўламли ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси шакллантирилмоқда.