Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгашининг доимий комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда туман Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Н. Абдураҳмонованинг 2026 йилнинг ўтган 5 ойи давомида оила ва хотин-қизлар йўналишида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Ҳисоботда туманда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд аёллар муаммоларини ҳал этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш, тиббий-психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Таъкидланишича, туманда 116,6 минг нафар хотин-қизлар истиқомат қилади. 7-босқич “Аёллар дафтари”га 6 472 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилиб, улар 5 та тоифа бўйича манзилли қўллаб-қувватланмоқда.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 2 993 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилган. Улардан бир қисми доимий ишга жойлаштирилган, касб-ҳунарга ўқитилган, имтиёзли кредитлар ажратилган ҳамда тадбиркорлик лойиҳалари қўллаб-қувватланган.
Йиғилишда оилавий ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик профилактикаси, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёлларга ёрдам кўрсатиш ҳамда миграциядан қайтган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Доимий комиссия аъзолари томонидан соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, маҳаллалар кесимида хотин-қизлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ажримларнинг олдини олиш ва эҳтиёжманд аёлларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга тегишли тавсиялар берилди.