Yangiliklar

So‘ngi yangiliklar

Ўзгаришлар одамларнинг кундалик ҳаётида акс этмоқда

Кейинги йилларда маърифат ва маънавият бешиги саналган Бухорода бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари янги босқичга кўтарилмоқда. Вақт ўтган сайин вилоятда кўплаб соҳаларда эришилаётган юксалишлар, замонавий корхоналарнинг ишга тушиши, аҳоли бандлиги ва фаровонлигининг ошиб бораётганлиги, шаҳару қишлоқлар обод бўлаётганлиги фикримизнинг яққол далилидир.

Бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган халқпарвар, оқилона сиёсат туфайли вилоятда ҳам аҳолининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, одамларнинг фаровон яшаши, орзу-истакларига етишиши учун барча шароитлар яратилди.

Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари томонидан амалга ошириладиган ҳар бир ислоҳот, аввало, инсон қадр-қиммати, шаънини янада юксалтиришга хизмат қилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ташриф чоғида вилоят бўйича бу йил кичик бизнесга 5,9 триллион сўмга қўшимча яна 2,1 триллион сўм кредит берилиши айтилди. Кичик бизнес, туризм ва сервис учун яна 100 миллион доллар алоҳида ажратилиши белгиланганлиги, бунинг натижасида йил охирига қадар 78 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги таъкидлаб ўтилди. Бу эса меҳнат бозорига кириб келаётган вилоятдаги 21,5 минг битирувчи ёшларни иш билан таъминлашда ҳам айни муддаодир.

Умуман жорий йилда вилоятда амалга оширилиши мўлжалланган ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Электр техникаси тармоғида бу йил Бухоро шаҳри ва Қоровулбозорда 50 миллион долларлик 3 та йирик қувват ишга туширилиши, темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи янги завод қурилиши, Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида заргарлик маркази ташкил этилиши шулар жумласидандир.

Инвестиция лойиҳалари инфратузилмасига 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланганлиги натижасида 405 миллион долларлик 5 та лойиҳанинг ишга тушиши тезлашади. Ушбу истиқболли лойиҳалар бухороликларнинг турмуш фаровонлиги янада оширишга ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шаҳар марказида Боқий Бухоро маданий этнографик парки ва янги аэропорт қурилиши, шу билан бирга, вилоятдаги 30 та тарихий ёдгорликни таъмирланиши, Зарафшон дарёси бўйида сайилгоҳ ташкил этилиши, Тўдакўл сув ҳавзаси бўйида дам олиш масканларини кўпайтирилиши Бухорога йилиги 5 миллион хорижий туристни жалб этиш борасида амалга оширилиши мулжалланаётган ишлар сирасига киради.

Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига навбатдаги ташрифи ҳам ҳамюртларимизни янги марралар сари даъват этиб, бунёдкорлик йўналишидаги барча саъй-ҳаракатларга ўз салмоқли ҳиссаларини қўшишга ундаб турибди. Ҳеч муболағасиз, вилоят иқтисодиётининг асосий драйвери ҳисобланган тадбиркорлик соҳаси вакилларининг айниқса, маҳаллий Кенгашларлаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳларининг ҳам бу борадаги ўз ўрни ва таъсирча кучи бўлади. Қолаверса, бугунги тезкор даврнинг асосий талабларидан бири ҳам шудир.

  

Slide 1 of 1