Yangiliklar

Таълим ва меҳнат бозори уйғунлиги – миллий юксалиш гарови

 Ҳар қандай давлатнинг тараққиёти унинг ёшларига боғлиқ. Ёшлар - келажакнинг мустаҳкам пойдевори, миллатнинг илмий ва иқтисодий салоҳиятини таъминловчи асосий куч. Шу боис, Ўзбекистонда олий таълим тизимини такомиллаштириш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни замон талабларига мос кадр сифатида тайёрлаш масаласи давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олий таълим ва меҳнат бозори ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш, ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш ва уларни инновацион иқтисодиёт учун тайёрлаш бўйича янги тизимлар жорий этилмоқда. 

Сўнгги йилларда олий таълим муассасалари молиявий ва ташкилий мустақилликка эга бўлиб, ўз фаолиятини самарали ташкил этиш имкониятига эришди. Қирқта олийгоҳда амалга оширилган молиявий мустақиллик тажрибаси таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Энди ректорлар ўз ўринбосарларини тайинлаш, профессор-ўқитувчиларни
тақсимлаш, ҳатто контракт тўлов миқдорини белгилаш каби ваколатларга эга. Бу орқали олийгоҳлар рақобатбардош ва бозор талабига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш имкониятига эга бўлмоқда.
 

Янги Ўзбекистон университети мисолида жорий этилаётган натижавий баҳолаш тизими битирувчиларнинг ишга жойлашиши, илмий тадқиқотлар, халқаро грантлар ва мақолалар сонига қараб молиялаштиришни белгилайди. Бу эса ректорлар фаолиятида ҳисобдорлик ва очиқликни таъминлаб, олий таълим сифатини янги босқичга олиб чиқади. 

Шунингдек, абитуриентлар учун танлов имконияти кенгайиб, улар бир вақтнинг ўзида 5 та олийгоҳга ҳужжат топшириши мумкин. Агар абитуриент танлаган олийгоҳга киролмаса, лекин бошқа олийгоҳда бўш ўринга бали тўғри келса, контракт асосида қабул қилинади. Бу механизм давлат ва хусусий олийгоҳлар ўртасида соғлом рақобатни ривожлантириб, таълим сифатини оширади. 

Янги тизимга кўра, қиймати 1 миллион доллардан ортиқ ва 50 тадан зиёд иш ўрнига эга лойиҳалар бўйича техник-иқтисодий мутахассисларга бўлган эҳтиёж аниқланади. Шу асосда масъул вазирлик ва тармоқ раҳбарлари олийгоҳларга буюртма жойлаштириб, мақсадли кадрлар тайёрлаш жараёнини йўлга қўяди. 

Ректорлар буюртма асосида ўқиётган талабаларга асосий фанлардан ташқари қўшимча таълим модулларини жорий қилади. Бу модуллар талабага кредит балларини олиш имконини беради. Иккинчи курсдан бошлаб, талабаларнинг билими уларни ишга олмоқчи бўлган инвестор иштирокида баҳоланади. Диплом иши эса тўғридан-тўғри лойиҳа масалаларидан келиб чиқиб ҳимоя қилинади. Натижада, битирувчи иш бозорига мослашган ҳолда тайёр бўлади ва инвестор томонидан кафолатли ишга қабул қилинади. 

Давлат
раҳбари тасдиқлаган режага кўра, 92 минг банд бўлмаган битирувчи турли йўналишларда ишга жойлаштирилади. Бунда магистратурага қабул, стаж талаб этилмайдиган иш ўринлари, бизнес-инкубаторлар орқали тадбиркорлик, юқори малакали иш ўринлари ва маҳаллий саноат тармоқларида доимий иш имкониятлари яратилади. Шунингдек, ёшларни ишга жойлаштиришни рағбатлантириш мақсадида банклар орқали тадбиркорларга имтиёзли кредитлар тақдим этилади.
 

Бу жараёнларни қўллаб-қувватлаш учун банкларга 300 миллион доллар ресурс ажратилган. Тадбиркорларга 5 миллиард
сўмгача 18 фоиз имтиёзли кредитлар тақдим этилади, битирувчини ишга олган тадбиркорга эса қўшимча рағбатлар берилади.
 

Шу билан бирга, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларни касб ва хорижий тилларга ўргатиш, спорт ва ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларига жалб қилиш орқали ижтимоий фаолиятга киритиш каби чоралар ҳам кўрилади. 

Хусусан, ҳозирда 115 минг уюшмаган ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот органлари
52 минг тарбияси оғир ёшни оталиққа олган. Шунингдек, 5,5 минг ишсиз, 31 минг тарбияси
оғир ёш ва
3 минг ўқишдан четлатилган талаба билан махсус дастурлар ишлаб чиқилади. Маҳаллаларда 9 минг ёш
касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилиб, кейин ишга жойлаштирилади.
 

Ўзбекистонда олий таълим ва ёшлар бандлиги соҳасидаги ислоҳотлар замон талабларига мос, узоқ муддатли стратегик йўналишга эга эканлиги билан аҳамиятлидир. Давлат, бизнес ва таълим муассасалари ўртасида ўрнатилаётган янги ҳамкорлик модели ёшлар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга замин яратади. Бу жараёнда билим олиш ва
ишга жойлашиш жараёни ўзаро боғлиқ бир тизим сифатида шаклланмоқда.
 

Ёшлар учун яратилган янги имкониятлар нафақат уларнинг шахсий ҳаётига, балки бутун жамият
тараққиётига хизмат қилади. Ишлаб чиқариш ва инновация соҳаларида юқори малакали мутахассислар етишиб чиқиши, маҳаллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириши табиий. Шу билан бирга, уюшмаган ёшларни ижтимоий
ҳаётга жалб қилиб, уларнинг келажакка ишончини мустаҳкамлайди.
 

Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ёшлар бандлигини таъминлаш ва олий таълим тизимини такомиллаштиришда янги босқич бошланди. Бу ислоҳотлар фақат иқтисодий ёки таълим соҳасидаги натижалар билан эмас, балки ёшлар онгидаги янгиланиш, фаол фуқаролик позицияси ва ижтимоий масъулият туйғусини шакллантириши билан қимматлидир. Бундай ўзгаришлар эса узоқ муддатли барқарор тараққиётнинг энг ишончли кафолатидир. 

Даврон КЕСИМОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш
маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Халқ депутатлари вилоят
Кенгаши депутати.