35 yilYagona vatan, yagona xalq bo'lib, yangi hayot va kelajak yaratamiz!

Yangiliklar

ҲАЛИМА МУҲИТДИНОВА ХОТИРАСИ АБАДИЙЛАШТИРИЛАДИ

ҲАЛИМА МУҲИТДИНОВА ХОТИРАСИ АБАДИЙЛАШТИРИЛАДИ

Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида суд-ҳуқуқ соҳасида салмоқли из қолдирган таниқли ҳуқуқшунос, давлат арбоби Ҳалима Қодировна Муҳитдинова хотирасини абадийлаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Мазкур масала юзасидан вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари ахбороти ҳамда ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари тақдим этилди.
Ҳалима Муҳитдинова 1916 йилда Наманган вилоятида туғилган бўлиб, узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизими ривожига муносиб ҳисса қўшган. У 1944–1947 йилларда Министрлар Совети раисининг ўринбосари, 1949–1952 йилларда Адлия вазирининг ўринбосари, 1972–1982 йилларда эса Олий суд раиси лавозимларида фаолият юритган.

Унинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб эътироф этилиб, 1994 йилда «Шуҳрат» медали, 2000 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.
Масала Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Ҳ.К.Муҳитдинова номидаги академик лицей, Наманган вилояти бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан ўрганилган ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ижобий хулоса берилган.

Шунга кўра, Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши қарори билан Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Ҳ.К.Муҳитдинова номидаги академик лицей ҳудудида суд-ҳуқуқ соҳасида чуқур из қолдирган ҳуқуқшунос Ҳалима Қодировна Муҳитдинова бюсти ўрнатилиши маъқулланди.

Бюстни ўрнатиш ишлари белгиланган тартибда, шаҳарсозлик ва меъморчилик талабларига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилади.
Мазкур ташаббус нафақат таниқли ҳуқуқшунос хотирасини абадийлаштириш, балки ёш авлодни ватанпарварлик, касбга садоқат ва ҳуқуқий маданият руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Slide 1 of 2