2026 йил 14 июль куни "Адолат" СДП Сардоба туман Кенгаши раиси Б. Бекмуродов ташаббуси билан, туман Ёшлар маслаҳат гуруҳи ҳамда ёшлар етакчилари билан ҳамкорликда Сардоба туман Давлат хизматлари марказида "Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори" лойиҳаси доирасида "Ҳаётни танла" номли маънавий-маърифий ва тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, гиёҳвандлик ва бошқа зарарли иллатларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни ватанпарварлик, фаол фуқаролик позицияси ва юксак маънавият руҳида тарбиялашдан иборат бўлди.
Тадбир давомида иштирокчиларга гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги, ёшларнинг келажаги, оила ва жамият тараққиётига салбий таъсири ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, ёшлар соғлом ҳаёт тарзини танлаш, билим ва иқтидорини ривожлантириш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш ҳамда Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшишга чақирилди.
Тадбир савол-жавоб ва очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Ёшлар маслаҳат гуруҳи аъзолари томонидан ҳам ёшларни турли ёт ғоялар ва зарарли одатлардан асраш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида бундай маънавий-маърифий учрашувларни мунтазам равишда ташкил этиш ёшларнинг ҳуқуқий онги, фуқаролик масъулияти ва соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.