ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ВА ЁШЛАР ЎРТАСИДА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИ ЎРГАНИЛДИ
Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши котибияти мудири Эргашева Мунисхон Рустамбековна томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрдаги «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ЎРҚ–263-сон Қонуни ижроси ўрганилди.
Ўрганиш давомида 2026 йилнинг биринчи ярмида вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда профилактик тадбирларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди.
Ҳисобот даврида вояга етмаганлар томонидан жами 5 та жиноят содир этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 тага ёки 16,7 фоизга камайган.
Содир этилган жиноятларнинг барчаси ўғрилик билан боғлиқ бўлиб, «Янгиобод», «Бешбулоқ», «Маданият», «Қораполвон» ҳамда «Қандиён» маҳаллаларида биттадан ҳолат қайд этилган.
Жиноятларда иштирок этган вояга етмаганлар сони 11 нафарни ташкил этган. Уларнинг 6 нафари мактаб, 5 нафари эса лицей ва коллеж ўқувчиларидир.
Шунингдек, 2026 йилнинг 6 ойи давомида жами 450 маротаба «Тун» профилактик тадбири ўтказилиб, 21 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. «Тиғ» профилактик тадбирлари давомида эса 18 та ҳолат аниқланган.
Ёшлар томонидан жами 18 та жиноят содир этилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 7 тага ёки 28 фоизга камайган.
Жумладан:
🔹 9 та ўғрилик;
🔹 1 та номусга тегиш;
🔹 1 та фирибгарлик;
🔹 3 та безорилик;
🔹 1 та оилавий-маиший зўравонлик;
🔹 3 та йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ жиноят қайд этилган.
Мазкур жиноятларда иштирок этган ёшлар сони 21 нафарни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 5 нафарга ёки 19,2 фоизга камайган. Уларнинг 3 нафари ўқимайдиган ва ишламайдиган ёшлар экани аниқланган.
Ўрганиш якунлари бўйича вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, таълим муассасалари, маҳалла, ота-оналар ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Назоратсиз ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ёшлар билан манзилли ва индивидуал ишлаш бўйича масъулларга тегишли тавсиялар берилди.