ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР БЎЛИМИ БИНОСИ ҚУРИЛИШИ ЎРГАНИЛДИ
Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши котибияти мудири Эргашева Мунисхон Рустамбековна ҳамда Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши котибияти мутахассиси М. Имамов томонидан Янгиқўрғон туманида Кенгаш сессияси қарори ижроси юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида Янгиқўрғон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими учун маъмурий бино ва гараж қуриш лойиҳаси кўздан кечирилди. Лойиҳада маъмурий бино, махсус автотранспорт воситалари учун гараж, хизмат хоналари, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари назарда тутилган.
Масъуллар томонидан объектнинг бош режаси, фасад кўриниши, ички хоналар жойлашуви, муҳандислик ечимлари ҳамда ҳудуддан самарали фойдаланиш масалалари ўрганилди.
Шунингдек, қурилиш ишларини тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида сифатли амалга ошириш, белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш ва объектда хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш зарурлиги таъкидланди.
Мазкур объектнинг барпо этилиши туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари учун замонавий хизмат шароитларини яратиш, махсус техникаларни сақлаш ҳамда фавқулодда ҳолатларга тезкорлик билан жавоб бериш имкониятларини янада яхшилашга хизмат қилади.