ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТИ ЮЗАСИДАН ДЕПУТАТЛИК СЎРОВИ ЮБОРИЛДИ
Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутати Юлдашев Турсунпўлат Ҳакимбекович томонидан сайлов округида истиқомат қилувчи фуқароларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид мурожаати жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Фуқароларнинг билдиришича, ҳудудда автотранспорт воситалари қатнови сезиларли даражада кўпайган. Айниқса, учта кўча туташган чорраҳада транспорт воситаларининг юқори тезликда ҳаракатланаётгани сабабли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиш хавфи ортиб бормоқда.
Мазкур ҳолат пиёдалар, мактаб ўқувчилари, кексалар ҳамда йўл бўйида истиқомат қилувчи аҳоли хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Ўрганиш жараёнида ушбу ҳудудга тегишли йўл ҳаракати белгиларини ўрнатиш, пиёдалар ўтиш йўлагини ташкил этиш, транспорт воситалари тезлигини пасайтирувчи сунъий нотекислик барпо этиш ва бошқа зарур хавфсизлик чораларини кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Фуқаролар мурожаатида кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида депутат Юлдашев Турсунпўлат Ҳакимбекович томонидан тегишли масъул ташкилотга депутатлик сўрови юборилди.
Мазкур депутатлик сўровининг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши депутатлик назоратига олинди.
Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли мурожаатларига амалий ечим топиш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш депутатлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.