Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Италия”
форматидаги илк саммит Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқининг етакчи
аъзоси бўлган Италия ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтаришда муҳим
сиёсий ва иқтисодий аҳамият касб этади.
Саммитдаги мулоқотларда технологик, "яшил" иқтисодиёт,
таълим, маданият ва хавфсизлик соҳаларидаги кўп томонлама ҳамкорлик
имкониятлари муҳокама қилинди.
Давлатимиз Раҳбарининг саммитдаги нутқида Италия билан ўзаро товар
айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда уч баробарга ошгани таъкидланди. Шу билан
бирга “Марказий Осиё – Италия” ишбилармонлар клубини ташкил этиш таклиф этилди.
Бундай платформа нафақат иқтисодий алоқаларни кучайтиради, балки минтақавий
бизнес экотизимини ҳам янгилашга хизмат қилади.
Шунингдек, Италиянинг бир қатор молиявий институтлар билан ҳамкорликда
қўшма инвестиция фондларини ривожлантириш каби ташаббуслар аниқ амалий
натижаларга қаратилган.
Бугунги глобал иқтисодиёт “яшил” энергетика ва барқарор ривожланиш
ғояларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, углерод чиқиндиларини
камайтириш, қайта тикланувчи энергия ва водород технологиялари бўйича
ҳамкорликни кучайтириш таклифи илгари сурилди. Италия бу соҳадаги тажрибаси билан машҳур, ва бу
ҳамкорлик биз учун катта имкониятдир.
Президентимиз томонидан Таълим ва илм-фан соҳасида
ҳам муҳим таклифлар билдирилди.
Турин ва Пиза университетлари филиалларининг самарали фаолияти,
минтақадаги илм-фан тараққиётида Италиянинг қўшган ҳиссасини кўрсатади.
Эндиликда, “Марказий Осиё – Италия” илмий-таълим консорциумини тузиш
орқали академик алмашинув, дизайн, биотехнология ва муҳандислик каби соҳаларда
ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, туризм, маданий алмашинув ва креатив иқтисодиётни
ривожлантиришда ҳам муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, Хива шаҳрида
ёшлар учун креатив иқтисодиёт форумини ўтказиш таклифи тарих ва замонавийликни
уйғунлаштирувчи ғоя сифатида эътироф этилди.
Бир сўз билан айтганда, “Марказий Осиё – Италия” формати нафақат
дипломатик мулоқот балки, амалий ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва яқинлашув учун янги
кўприк вазифасини ўтамоқда.
Ўзбекистоннинг ушбу саммитдаги фаол иштироки, унинг халқаро майдондаги
нуфузи ва ташаббускорлик позициясини яна бир бор намоён қилди. Бу эса минтақа
давлатлари учун нафақат иқтисодий манфаат, балки инновацион ривожланиш, инсон
капитали ва маданий янгиланишнинг ҳам мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Даврон Кесимов, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши
депутати.