ЎзЛиДеП Конимех туман Кенгаши ташаббуси билан Конимех туман "Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Политехникум мажлислар залида “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида депутатлар ва ёшлар иштирокида очиқ мулоқот тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Галия Елеубаевна, ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши аппарати раҳбари М.Эшниёзов, Халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири - туман Кенгаши депутати Алишер Жайнаров, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Э.Тилигенов, партия фаоллари ҳамда фаол ёшлар иштирок этдилар.
Очиқ мулоқот давомида “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳасининг долзарблиги, унинг мақсад ва вазифалари, асосий тамойиллари, амалга ошириш шакллари ҳамда устувор йўналишлари хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, лойиҳа ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларнинг креатив ғоялари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг узвий давоми экани, мазкур лойиҳа ёшларнинг ижодий ва инновацион салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни мустақил фикрлайдиган, ташаббускор ва рақобатбардош кадрлар сифатида шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Очиқ мулоқот жараёнида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан бевосита жавоблар олдилар, таклиф ва ташаббуслари тингланди ҳамда уларни амалга ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.