Yangiliklar

So‘ngi yangiliklar

Munosabat

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 августда “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Унга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ташаббусли бюджет” жараёнларини мувофиқлаштириш, лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан парламент назоратини олиб бориш учун 11 нафар депутатдан иборат парламент комиссияси ташкил этилади.
Бу қарор юртдошларимизни қувонтирди. Дарҳақиқат, жойлардаги ижтимоий муаммоларни ечишда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси аҳолини бирдамликка, жамоатчилик назорати кучайишига, маҳаллий депутатларнинг фаоллашувига ҳамда давлат томонидан берилаётган имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланишга замин яратмоқда. Баъзан “Ташаббусли бюджет” ўзи керакми, шу маблағга давлатнинг ўзи зарур ишларни қилиб берса бўлмайдими?” деган фикрларга ҳам дуч келгандик.

Эътибор қилинг, бюджет очиқлиги таъминланиши – маблағлар талон-торож қилинишига жиддий тўсиқ бўлиш билан бирга, бунинг халқ манфаати учун хизмат қилиши эркинлашади. Шу боис аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, муносиб яшаш шароитларини яратиш мақсадида бюджетдан ажратиладиган маблағларни тақсимлашда фуқароларимиз иштироки кенг таъминланмоқда. 

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар томонидан айрим маҳаллий ҳокимият вакилларининг давлат бюджети ҳисобидан қилаётган харажатлари, қабул қилаётган қарорлари кескин эътирозларга, кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди. Айрим ҳудудларда давлат бюджети маблағларини энг муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун эмас, балки маҳаллий ҳокимият органларининг баъзи мансабдор шахслари қарорлари асосида танланган лойиҳаларга йўналтирилаётган ҳолатлар ҳам учраб турарди.  

Бу ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётганди. Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат бюджети соҳасини ислоҳ этиш жараёнида янги тизим жорий этилди ва  “Очиқ бюджет” портали деб юритила бошланди. Натижада бу жараён openbudget.uz портали орқали амалга оширилиши ва йилига икки марта ўтказилиши белгилаб берилди. Мамлакатимизда 2019 йилдан бошлаб амалиётда қўллана бошлаган тизим бугунги кунда, шубҳасиз, беқиёс самара бериб келмоқда. 

Аҳолининг “Ташаббусли бюджет”га бўлган қизиқиши кескин ортди. Албатта, мазкур тизим мамлакатимизда янги жорий этилаётганида айрим камчиликлардан ҳам холи бўлмади. Жумладан, овоз бериш жараёнида лойиҳа таклиф этилган жойда истиқомат қилмайдиган, маҳаллага умуман алоқаси йўқ фуқаролар овоз бериши ҳолатлари кузатилди. Бу эса нисбатан аҳолиси оз бўлган ҳудудларнинг танловда ғолиб бўлиш имкониятини кескин пасайтирди. Шу билан бирга, узоқ қишлоқларда интернетнинг яхши ишламаслиги ҳамда аҳоли ўртасида яхши тарғибот қилинмаганлиги айрим лойиҳалар етарли овоз олишига салбий таъсир кўрсатди. 

Ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида кўзга кўринган камчиликларни бартараф этиш учун бир неча бор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, 2025 йил 13 январда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ, ҳар бир туман ва шаҳар бюджетида камида 10 та, кўпи билан 30 та лойиҳа учун етарли маблағлар режалаштирилиши белгиланди. Агар лойиҳалар сони 10 тадан ортиқ бўлса, маблағлар аҳоли сонига мутаносиб равишда тақсимланади. Бу ўзгариш маблағларнинг адолатли тақсимланишини таъминлаш ва ҳар бир ҳудуднинг эҳтиёжларига мос равишда лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида киритилган. 

Бу ерда яна бир муҳим масала бўй кўрсатди – “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига келиб тушган таклифларнинг мазмунига қараб, мамлакатимиз ҳудудларидаги ижтимоий соҳага оид қандай муаммолар борлиги ҳамда улар қайси вилоятларга қанчадан тўғри келиши борасидаги ҳақиқий ҳолат ва маълумотлар шаклланди.

Шу маънода айтиш мумкинки, “Ташаббусли бюджет” – аҳоли давлат маблағининг бир қисмини ўзлари истаган лойиҳаларга йўналтириш имкониятига эга бўладиган тизим. Яъни, ҳукумат маблағ ажратади, уни қаерга сарфлашни халқнинг ўзи ҳал қилади. Масалан, кимдир: “Бизга янги болалар майдончаси керак“ деса, яна кимдир “Йўлимиз таъмирталаб, уни тузатиш керак“ дейди, бошқа биров эса “Маҳалламизда тунги ёритиш тизими йўқ“, деб жамоавий таклиф беради. Ҳукумат вакиллари ва мутахассислар эса уни ўрганади, энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб бўлади ва давлат томонидан молиялаштирилади. Ғолиб бўлган лойиҳалар маҳаллий ҳокимият ва тегишли ташкилотлар томонидан амалга оширилади. 

Хориж тажрибасига кўра...

   “Партисипатор бюджетлаштириш” деб аталувчи “Ташаббусли бюджет” тизими 1989 йилда биринчи марта Бразилиянинг Порто-Алегри шаҳрида қўлланилган. Маъмурият фуқароларга шаҳар бюджетининг бир қисмини қандай тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш имкониятини беради. Узоқ йиллик муваффақиятли амалиётдан сўнг Порто-Алегри фуқаролари шаҳар бюджетининг 20 фоизини тақсимлашга эришади. Шунингдек, мазкур бюджет амалиётини Ғарбий ва Шарқий Европадаги 20 дан ортиқ мамлакат,  Лотин Америкаси, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб давлатлар муваффақиятли қўлламоқда. Масалан, Ҳиндистоннинг Керала штатида партисипатор бюджетлаштириш амалиёти 1996 йилда тўлиқ амалга оширилган бўлиб, фуқаролар 24 йилдан кўпроқ вақтдан бери бюджет жараёнида иштирок этиб келмоқда. Эътиборли жиҳати, овозлар сотилмайди ва сотиб олинмайди, ким ўзарга ҳам мусобақалашилмайди. 

Сайловчилар манфаатини инобатга олган ҳолда

Президентимизнинг 2025 йил 29 августдаги “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, келгуси йилдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар йили “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан иккита лойиҳани (ҳар мавсумда биттадан) сайловчиларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, “Очиқ бюджет” ахборот порталида танлаш имкониятига эга бўлади. 

Депутатлар томонидан танланган лойиҳалар “Очиқ бюджет” ахборот порталида автоматик равишда ғолиб деб топилади ва улар республика бюджетидан молиялаштирилади. 

 Шунингдек, маҳалла фуқаролари энди давлат билан тенгма-тенг шерикликда ўзи туғилиб ўсган жойларни обод қилса бўлади. Улар “Очиқ бюджет”да ютиши шарт эмас. 2026 йилдан бошлаб ижтимоий масалаларга оид лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириш тартиби жорий этилади. Бунда ташаббускор аҳоли томонидан лойиҳалар қийматининг 50 фоиз қисми ихтиёрий равишда молиялаштирилган тақдирда лойиҳалар автоматик равишда ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоизи республика бюджетидан молиялаштирилади. Лойиҳалар шериклик асосида молиялаштирилганда овоз беришда иштирок этмаган ҳолда ғолиб деб топилади, тегишли маҳаллаларга танаффус бериш амалиёти қўлланмайди.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, “Ташаббусли бюджет” ижтимоий муаммоларни ечишнинг ягона йўли бўлмаса ҳам, аҳолини узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган масалаларни ҳал этишда ҳамжиҳатлик билан ҳаракатни, жамоавий қарорлар қабул қилишни, биргаликда мақсадга эришиш технологияларини ўргатади.  

Slide 1 of 1