ДЕПУТАТ СЎРОВИ НАТИЖА БЕРДИ
Бир неча йиллардан буён "Шаҳрихон -- Асака" йўлининг Андижонлик МФЙ ҳудудидаги серқатнов чорраҳада автомобиллар тирбандлиги сабабли инсонлар ҳаёти учун ўта хавфли ҳолат юзага келиб қолган эди.
Бу долзарб муаммо юзасидан 10-Шаҳрихон сайлов округи депутати Т. Мадаминов бир неча бор тегишли юқори ташкилотларга серқатнов кўчага светофор ўрнатиш зарурлиги юзасидан депутатлик сўрови билан мурожаат қилган эди. Депутатнинг сўровига асосан яқинда ҳудудга светофор ўрнатилиб, ишга туширилди.
- Ҳудуддаги "Андижонлик", "Ёшлар" ва "Қайрағочгузар" МФЙлар аҳолиси фарзандлари мактабга ва болалар боғчасига, айниқса, ёши улуғ кексалар йўлни кесиб ўтишда жуда ҳам қийналишар эди. Баъзи пайтларда эса ўта нохуш ҳолатлар, яъни, автомобиллар ва пиёдалар ўртасида аянчли ҳодисалар ҳам содир этиларди.
Вилоят ва туман ИИБ, ЖҲХ, ЙҲХБ ҳамда Шаҳрихон тумани Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарларига ўзимнинг чексиз ташаккуримни билдираман. Чунки, улар томонидан Халқ вакили ҳисобланган депутат сўровига юксак эътибор ва амалий жавобан ҳудудга замонавий светофор ўрнатилиб, бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинади, - дейди туман Кенгаши депутати Турсунбой Мадаминов.