МАҲАЛЛИЙ САНОАТ РИВОЖИ – ИҚТИСОДИЙ ЮКСАЛИШ ГАРОВИ
Ангор тумани халқ депутатлари кенгаши депутатлари номидан мақола
Юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳалар қаторида маҳаллий саноатни ҳам изчил ва барқарор ривожлантиришга қаратилмоқда. Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллий саноатни янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.Бу муҳим йиғилишда белгилаб ўтилган устувор йўналишлар нафақат республика миқёсида, балки ҳар бир туман, шу жумладан, Ангор туманида ҳам амалиётга жорий қилиниши зарур. Чунки маҳаллий саноат салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш – аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, ёшларга муносиб иш ўринлари яратиш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.
Президентимиз таъкидлаганидек, маҳаллий саноатни қўллаб-қувватлашда инвестиция лойиҳаларининг тўғри танланиши ва амалга оширилиши муҳим аҳамият касб этади. Афсуски, айрим ҳудудлардаги лойиҳалар ўз вақтида ишга туширилмаяпти, маблағлар тўлиқ ўзлаштирилмаяпти. Ангор туманида эса бу масалага мутлақо бошқача ёндашув талаб этилади: мавжуд ресурслар, географик қулайлик ва меҳнат бозори имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда, замонавий саноат субъектлари шакллантирилиши шарт.
Йирик корхоналар ҳамкорлигида кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун саноат кооперацияси тизимини жорий этиш, маҳаллий хомашёдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш – бугунги куннинг талаби. Шунингдек, Ангор туманида кичик цехлар, устахоналар ва қўшилган қиймат яратадиган ишлаб чиқариш объектлари сонини кўпайтириш орқали импортини камайтирувчи маҳсулотлар етиштирадиган муҳит яратиш мумкин.
Саноат корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, замонавий технологиялар жорий этиш ва сифат бошқаруви тизимини такомиллаштириш орқали маҳсулотлар таннархини тушириш ҳамда уларнинг рақобатбардошлигини ошириш мумкин. Бу эса ички бозорни тўлдириш билан бир қаторда, ташқи бозорларга чиқиш имконини ҳам кенгайтиради.
Ҳар қандай саноат маркази ёки ишлаб чиқариш кластери атрофида хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш иқтисодий экотизимнинг барқарорлигини таъминлайди. Шу нуқтаи назардан, Ангор туманида логистика, таълим, савдо, банк ва IT хизматларини ривожлантириш ҳам маҳаллий саноатни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Юртбошимизнинг: «Ҳар бир раҳбар, ҳар бир депутат саноат соҳасини ривожлантиришда шахсан масъул бўлиши керак» деган сўзлари биз, халқ вакиллари учун ҳам катта масъулият юклайди. Ангор тумани халқ депутатлари кенгаши депутатлари сифатида биз мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва халқ манфаатларини илгари суришда фаол иштирок этишга тайёрмиз.
Саноат ривожланса – юрт равнақ топади. Бу – бизнинг эътиқодимиз!
Ангор тумани халқ депутатлари кенгаши депутатлари