ЯНГИҚЎРҒОН ТУМАНИДА “ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ” ЛОЙИҲАЛАРИ ДОИРАСИДА ИЖТИМОИЙ СОҲА ВА ЙЎЛ ИНФРАТУЗИЛМАСИ ЯХШИЛАНМОҚДА
ЯНГИҚЎРҒОН ТУМАНИДА “ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ” ЛОЙИҲАЛАРИ ДОИРАСИДА ИЖТИМОИЙ СОҲА ВА ЙЎЛ ИНФРАТУЗИЛМАСИ ЯХШИЛАНМОҚДА
Янгиқўрғон туманида аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари доирасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маълумотларга кўра, туман бўйича жами 14 та лойиҳа учун 22 млрд 605 млн 310 минг сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган. Шундан 6 таси йўл қурилиши ва асфальтлаш ишлари, 8 таси эса қурилиш-таъмирлаш ишларини ташкил этади.
Йўл йўналишида Қуйи Қораполвон, Гулистон, Кўкёр, Қораполвон, Ғовазон ҳамда Тинчлик маҳаллаларида ички кўчаларни асфальтлаш ишлари режалаштирилган. Жумладан, Паҳлавон ва Тўпсада, Боғ, Маданият, Учқун ва Бобур кўчаларида асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда. Айрим ҳудудларда ишлар якунланган бўлиб, айрим лойиҳалар белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда. Умумий ҳисобда 15 километр йўл инфратузилмаси яхшиланади.
Қурилиш-таъмирлаш йўналишида эса Юксалиш, Заркент, Мамай, Ғалаба, Чўнбағиш, Қутлуғтол, Ғовазон ва Соҳил ҳудудларидаги таълим муассасаларида иситиш ва совутиш тизимларини янгилаш, канализация тармоқларини таъмирлаш, мактаб биноларини капитал ва жорий таъмирлаш, спорт заллари, кутубхона, мини стадион, ҳожатхона, кўмир сақлаш омборхонаси қуриш ҳамда қуёш панеллари ўрнатиш каби ишлар назарда тутилган. Ҳозирда қурилиш-таъмирлаш лойиҳаларининг аксарияти экспертиза жараёнида бўлиб, айрим объектлар бўйича тендер ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ўқувчи-ёшлар учун муносиб таълим муҳитини яратиш ҳамда маҳаллаларда инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади. Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутатлари томонидан “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари ижроси доимий депутатлик назоратига олинган.