Депутат Анвар Абдураҳмонов ўз сайловчилари муаммоларига ечим топмоқда
🗣Халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгаши депутати, 24-Нуробод округидан сайланган халқ вакили Анвар Абдураҳмонов ҳудуд аҳолиси билан навбатдаги учрашув ва қабулни ўтказиб, фуқароларнинг долзарб мурожаатларини жойида ўрганди ва уларга амалий ечимлар топди.
🔍 Депутат Анвар Абдураҳмоновнинг асосий эътибори сайловчилар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш ва уларнинг ҳаётий муаммоларини тезкор ҳал қилишга қаратилган. Депутатнинг навбатдаги қабул жараёнида ҳам маҳаллий аҳолини қийнаётган бир қатор муаммолар кўриб чиқилди.
🔍 Қабулда ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари кўп қаватли турар-жой бинолари теварагида дайди итларнинг кўпайгани ва кўчада ҳаракатланиб кетаётган шахсларга ташланаётгани, иссиқлик тизимидаги носозликлар ва уйнинг ташқи фасад плиталари ораси очилиб қолгани, 4-қават томидан сув ўтаётгани ва бунинг оқибатида электр симлари шикастлангани, 36, 37, 38, 39-кўп қаватли уйлар атрофига болалар учун майдонча қуриб бериш, моддий ёрдам ажратилишида амалий ёрдам беришни сўраб, мурожаат қилишди.
🔍 Депутат ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, уларни жойида ижобий ҳал этиш бўйича аниқ чораларни белгилаб, мутасадди ташкилотларни жалб қилди.
🔍 Депутат Анвар Абдураҳмоновнинг шахсан аралашуви билан Ким Николай ва Жамила Бозорқулованинг уй-жой билан боғлиқ муаммоларини ҳал этиш учун усталар жойига юборилиб, юзага келган носозликларни тезкорлик билан бартараф этиш ишлари амалга оширилди. Гулнора Ахмадқулованинг уй-жойини ўз номига ўтказиш борасидаги ҳужжат масаласи Уй-жой бўлимига йўналтирилиши фуқаронинг сарсон бўлишини олдини олди.
Депутат Анвар Абдураҳмонов: "Бизнинг асосий вазифамиз – халқнинг ишончини оқлаш. Ҳар бир мурожаат ортида бир оиланинг тақдири, бир фуқаронинг эҳтиёжи туради. Агар муаммони жойида ҳал қилиш имкони бўлмаса, уни тегишли ташкилотга йўналтириб, ижросини назоратимга оламан. Нуробод округи аҳолисининг ҳар бир талаби мен учун устувор."
🔍 Ушбу қабул депутатнинг ўз сайловчилари олдидаги масъулияти нақадар юқори эканини кўрсатди. Депутат Анвар Абдураҳмонов ўз округидаги ижтимоий ва коммунал муаммоларни ҳал этиш йўлида фаол ишлашда давом этмоқда.