Пастдарғом туманида болалар соғлиғи ва таълим муассасаларидаги шароитларни яхшилаш мақсадида яна бир амалий тадбир ўтказилди.
Оқ олтин маҳалласида жойлашган 14-сон мактабгача таълим ташкилотида “Адолат” СДП туман Кенгаши ташаббуси билан тарбияланувчи болалар ўртасида сколиоз ва ясси оёқлик касалликлар бўйича тиббий кўрик ўтказилди.
Тадбирнинг асосий мақсади – мактабгача ёшдаги болаларнинг саломатлигини назорат қилиш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишдан иборат бўлди.
Шунингдек, туман Кенгаши депутатлари Ф.Тураев ва Г.Мардонова мазкур таълим муассасасида болалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд имкониятлар, тарбия жараёни ва моддий-техник база ҳолатини ўргандилар.
Тадбир якунида депутатлар томонидан болаларнинг соғлом ривожланиши учун янада қулай шароитлар яратиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.