16 июнь куни Президентимиз томонидан ўтказилган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича видеоселектор йиғилишида жуда кўп соҳаларда кечаётган ислоҳотлар самараси кўзга ташланмаётгани кескин танқид қилинди. Гарчи ўтган беш ой давомида саноатда ўсиш 6,4 фоизга ошган, экспорт миқдори 18 фоиз, хорижий инвестициялар 46 фоиз кўпайган,2 миллион 400 минг одам даромадли бўлган бўлсада, савдо алоқалари ва логистика қийинлашаётгани қайд этилди. Дунёда турли можаролар авж олаётган бир вазиятда тинчликни қадрига етиш, инсон қадрини улуғлашга бўлган эҳтиёж ошиб бормоқда.Шу туфайли ҳам барча даражадаги раҳбарлар ҳар қандай шароитда ҳам аҳоли билан мулоқотни янада яхшилаб, улар ўртага қўяётган муаммоларни тез ҳал этиб боришлари кўрсатиб ўтилди. Энг ачинарли томони шундаки, туман, вилоят миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган ҳар қандай масала давлат ташкилотлари томонидан эътиборсизлик қилиб келинаётгани кечириб бўлмас ҳолат эканлиги танқид қилинди. Қолаверса, туман, вилоятлардаги айрим ташкилотлар аҳоли мурожаатларини ижобий томонга ҳал этиш ўрнига ўзини “назорат”чи деб билиб, аҳолининг оғирини енгил қилишга панжа орасидан қараб келмоқда. Вазирлар, масъул идоралар тартиб интизомга қаттиқ эътибор бермагани учун мамлакатимизда барча соҳада кечаётган ислоҳотлар ижроси чўзилиб кетяпти. Айниқса, кейинги пайтларда суд қарорлари вақтида бажарилмаётгани юзасидан ҳам аҳоли томонидан кўплаб мурожаатлар бўлаётгани айтиб ўтилди.Энди юртимизда ижро интизомини мустаҳкамлаш,одамлар муаммолари билан ишлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилиши белгиланди.
Халқнинг муаммоларини тинглаш, рози қилиш учун “Халқ назорати” электрон портали бутун республикада ишга туширилади. Ҳисоб палатаси ижро интизомига масъул этиб белгиланди. Президент Администрациясининг Назорат инспекцияси тугатилди. Бундан ташқари, Халқ қабулхоналари ҳам аҳоли камчиликларини бартараф этишга кўмаклашиш ўрнига, мурожаатларни давлат ташкилотларига тақсимловчи воситачига айланиб қолгани учун барча штатлар тугатилди. Бундан буён Халқ қабулхоналарига вилоят, туман ҳокимининг ўзи раҳбарлик қилиши уқтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхоналари орқали вилоят ҳокимлигига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилсак, уй-жой ва ер, моддий ёрдам ва кредит ажратиш, қурилиш, ички йўллар, электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви таъминоти, оқова сув, бандлик масалалари кўпроқ тилга олинган. Шунга кўра таъмирга муҳтож 2 минг 451 километр йўллар қурилиши ва таъмири учун бюджетдан 877 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилди. Ҳозиргача 805 километр ичимлик суви қувурлари тортилиб, 73 та сув иншооти,59 дона сув олиш қудуқлари қазилди.54 та сув кўтариш минораси қурилди. Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 51 фоиздан 59 фоизга етказилди.
Вилоятимизда аҳоли муаммолари билан ишлаш борасида бирмунча ишлар қилинмоқда. Бундан буён Президентимиз топшириқларига асосан вилоятимиз туманларида ёндашув ҳам, бошқарув тизими ҳам тубдан ўзгаради. Бу тизим дастлаб Яккабоғ туманида жорий этилади. 9 та давлат идорасининг туман бўлими ҳокимлик тизимига ўтади.Улардаги жами штатларни тақсимлаш, ишга олиш ва бўшатишни ҳоким ҳал қилади. Энг асосийси, туманлар ихтиёрида қоладиган маблағлар манбаси кўпайтирилади.Туман ёки шаҳарнинг ривожланиш режасига қараб, қайси соҳа бўйича ўринбосар бўлишини ҳокимнинг ўзи белгилайди. Ҳокимлик тизимида фаолият юритаётган ходимлар учун 1 августдан бошлаб иш ҳақлари оширилади. Яхши ишлаган ходимларга ойлик устама ва қўшимча бонуслар берилиши қайд этиб ўтилди.
Ruiddin Raupov, [17.06.2025 10:59]
Президентимиз барча ҳудудларда бандликни таъминлаш, камбағалликни кескин қисқартириш, инвестиция ва экспорт ҳамда муҳитни яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Тадбиркорликни ривожлантириб, янги иш ўринлари яратишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлиги эътироф этилди. Ердан унумли фойдаланиш, маҳаллаларга сув олиб бориб мева сабзавот етиштиришни кескин ошириш, чорвачиликни ривожлантириб гўшт ва сут маҳсулотларини кўпайтириш,озиқ-овқат инфляциясини жиловлаш сира кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлиги тушунтирилди.
Йиғилишда аҳоли фаровонлигини таъминлашга доир бошқа бир қатор масалалар ҳам давлатимиз раҳбари эътиборидан четда қолмади. Биз депутатлар Президентимиз томонидан белгилаб берилган барча вазифаларни бекаму-кўст адо этилишида ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Руиддин Раупов,
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят
Кенгаши депутати.