👉 Бугун Навоий вилояти ташкил топган кун сифатида эътироф этилса-да, ҳудуднинг тарихи Бухорою Самарқанд ёхуд Хиваю Қўқонникидан қолишмайди.
Вилоятни ўрганиб чиқарканман, ҳар бир туманнинг қадим ўтмишини эслатиб турувчи обидаю қадамжолари борлигининг гувоҳи бўлдим. Мамлакатимизнинг майдони жиҳатдан энг йирик воҳасининг, табиийки, ҳикояси ҳам "кеча" бошланган бўлиши мумкин эмас. Буюк ипак йўлида карвонсарой вазифасини ўтаганлиги Работи Малику Сардобадан, Яратганнинг назари тушганлиги Нуратодан, илму маърифат ўчоғи бўлганлиги Қосимшайх Азизондан, миллатларга бешик эканлиги Айтекебийдан аён.
1982 йил 20 апрелда Навоий вилояти ташкил этилиб, 1992 йилда у яна қайта туғилди десак, адашмаймиз.
1992 йил 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг «Ўзбекистон Республикаси таркибида Навоий вилоятини қайтадан тиклаш ҳақида«ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ Навоий вилояти аввалги чегараларида қайтадан тикланиб, унинг таркибига Бухоро вилоятининг Навоий, Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарлари, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор, Навоий, Томди, Учқудуқ туманлари, Самарқанд вилоятининг Нурота ва Хатирчи туманлари киритилди. Навоий шаҳри вилоятнинг маъмурий маркази этиб белгиланди.
Биз, навоийликлар учун ҳар икки сана ҳам қадрли!
Гарчи мамлакатнинг бошқа ҳудудида таваллуд топган бўлсам-да, гўша билан боғлиқ йилларим, ҳикояларим, гўзал хотираларим китобларга айланиб бормоқда. Бу вилоят халқи мен учун шу қадар қадрлики, уларни киндик қоним тўкилган жойдан айро ҳолда ёдимда сақлолмайман.
Азиз вилоятдошларим, бугун бизнинг байрам қилишга яна бир "баҳонамиз" бор экан, фурсатдан фойдаланиб, барчангизни вилоятимизнинг рамзий таваллуд айёми билан муборакбод этаман. Тобора замонавийлашиб, кўркамлашиб бораётган ушбу муқаддас ерларга ҳамиша Яратганнинг назари, қуёшнинг тафти ва халқнинг меҳри тўкилиб турсин. Осмонимиз мусаффо, элимиз бахтиёр бўлсин. 🖊