ҲАР БИР ЁШГА — ИМКОНИЯТ, ҲАР БИР ИҚТИДОРГА — ШАРОИТ
ҲАР БИР ЁШГА — ИМКОНИЯТ, ҲАР БИР ИҚТИДОРГА — ШАРОИТ Янгиқўрғон туманидаги 37-сонли умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг иқтидор ва қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган турли тадбирлар ташкил этилди. Туман ҳокими, Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутати Нажмиддинов Асадулла Икромович ўзи сайланган округ ҳудудидаги мазкур мактабда бўлиб, ўтказилаётган тадбирлар ҳамда ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Ўрганиш давомида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, иқтидор ва қобилиятларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Хусусан, расм, спорт ва мусиқа йўналишларида ташкил этилган машғулотлар, тўгараклар фаолияти ҳамда ўқувчилар ўз истеъдодини намоён этиши учун яратилган имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ўқувчиларда мустақил фикрлаш ва амалий кўникмаларни шакллантириш, уларни келажак касбини онгли равишда танлашга йўналтириш бўйича Япония тажрибаси асосида жорий этилган таълимий ёндашувлар ўрганилди. Тадбир якунида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини эрта аниқлаш ва рўёбга чиқариш, бўш вақтини самарали ташкил этиш ҳамда муносиб касб эгаси бўлиши учун зарур шароитларни янада кенгайтириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.