ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЯНГИҚЎРҒОН ТУМАНИ КЕНГАШИ ҲУЗУРИДАГИ ЁШЛАР МАСЛАҲАТ ГУРУҲИ ТАШАББУСИ БИЛАН ИЖТИМОИЙ ХОДИМЛАР УЧУН СЕМИНАР-УЧРАШУВ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши ҳузуридаги Ёшлар маслаҳат гуруҳи аъзоси, Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси координатори Ойбек Собиров ташаббуси билан тумандаги маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар иштирокида амалий семинар-учрашув ўтказилди. Мазкур тадбир аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар сифатини янада ошириш ҳамда маҳаллаларда манзилли ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилди. Учрашув давомида иштирокчиларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси фаолияти, жамғарма маблағлари ҳисобидан кўмакка муҳтож оилалар ва фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш механизмлари, ижтимоий ҳимоя чораларидан фойдаланиш тартиблари ҳамда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, ногиронликни белгилаш учун ариза топшириш жараёни, тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш тартиби, электрон ахборот тизимлари орқали мурожаатларни расмийлаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган имтиёз ва имкониятлар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Тадбирда маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимларнинг аҳоли билан ишлашдаги ўрни ва масъулияти алоҳида таъкидланиб, ҳар бир мурожаатни ўз вақтида ўрганиш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, ногиронлиги бўлган фуқароларга зарур хизматларни етказишда инсон қадрини улуғлаш ва манзилли ёндашув тамойилларига қатъий амал қилиш зарурлиги қайд этилди. Семинар давомида иштирокчилар томонидан ногиронликни расмийлаштириш, тиббий ҳужжатларни шакллантириш, электрон платформалар билан ишлаш ҳамда ижтимоий хизматлардан фойдаланиш жараёнларида учраётган айрим муаммолар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мутахассислар томонидан ушбу масалалар бўйича ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Тадбир якунида маҳаллаларда эҳтиёжманд аҳоли қатламларини аниқлаш, “Саховат ва кўмак” жамғармаси имкониятларидан самарали фойдаланиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасида давлат сиёсати ижросини таъминлаш бўйича келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди. Учрашув ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими самарадорлигини ошириш, аҳолининг давлат томонидан яратилаётган имкониятлардан хабардорлигини кучайтириш ва маҳаллаларда ижтимоий ҳимоя ишларини янада такомиллаштиришга хизмат қилди.