Jańalıqlar

БОЛАЛАРНИ ЗАРАРЛИ АХБОРОТДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ
БОЛАЛАРНИ ЗАРАРЛИ АХБОРОТДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ: ЁШ ТОИФАЛАРИ ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАНАДИ?
«Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 848-сон қарори қабул қилинган.
Мазкур қарорга мувофиқ, ахборот маҳсулотлари болаларнинг ёши, руҳий ва жисмоний ривожланиш хусусиятлари ҳамда уларга кўрсатиши мумкин бўлган таъсиридан келиб чиқиб таснифланади.
🔍 Ахборот маҳсулотининг ёш тоифасини белгилашда қуйидагилар ҳисобга олинади:
🔹 ахборотнинг мавзуси ва жанри;
🔹 мазмуни ҳамда бадиий безаги;
🔹 муайян ёшдаги болалар томонидан қабул қилиниши;
🔹 боланинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказиш эҳтимоли.
Шунга кўра, ахборот маҳсулотларига «0+», «7+», «12+», «16+» ва «18+» белгилари қўйилади.
🟢 «0+» — барча ёшдаги болалар учун
Болаларнинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказмайдиган ахборот маҳсулотлари киради. Уларда эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси, зўравонликнинг қораланиши ҳамда жабрланувчига нисбатан раҳм-шафқат ифодаланиши мумкин.
🔵 «7+» — етти ёшга тўлган болалар учун
«0+» тоифасидаги ахборотлар билан бир қаторда, инсон қадр-қимматини камситмайдиган тарзда касалликлар, бахтсиз ҳодисалар ёки куч ишлатилмаган ўлим оқибатларининг қисқа ва натуралистик бўлмаган тасвирига йўл қўйилади. Жамиятга қарши хатти-ҳаракатлар ёки жиноятлар фақат қораловчи муносабат асосида эпизодик тарзда баён этилиши мумкин.
🟡 «12+» — ўн икки ёшга тўлган болалар учун
Шафқатсизлик ёки зўравонликнинг натуралистик бўлмаган эпизодлари, уларга нисбатан салбий ва қораловчи муносабат ифодаланган ҳолда кўрсатилиши мумкин. Шунингдек, алкогол, тамаки, гиёҳвандлик воситалари, қимор ўйинлари ва бошқа зарарли ҳолатлар уларни тарғиб қилмасдан, хавфли экани ҳақида огоҳлантириш шарти билан тилга олиниши мумкин.
🟠 «16+» — ўн олти ёшга тўлган болалар учун
Бахтсиз ҳодиса, авария, касаллик ёки ўлим оқибатлари, шунингдек, шафқатсизлик ва зўравонлик ҳолатларининг натуралистик бўлмаган тасвири ёки баёнига йўл қўйилади. Гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ҳақидаги ахборот уларни қоралаш ва истеъмол қилиш хавфи тўғрисида огоҳлантириш шарти билан берилиши мумкин. Айрим ҳақоратли иборалар ҳамда қўзғатувчи хусусиятга эга бўлмаган муносабатлар эпизодик тарзда акс эттирилиши мумкин.
🔴 «18+» — болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот
Қуйидаги мазмундаги ахборот маҳсулотларини болалар ўртасида тарқатиш тақиқланади:
❌ ўз жонига қасд қилиш ёки соғлиққа зарар етказишга ундаш;
❌ алкоголь, тамаки, гиёҳвандлик воситалари, қимор ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга қизиқиш уйғотиш;
❌ одамлар ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизликни оқлаш ёки тарғиб қилиш;
❌ оилавий қадриятларни инкор этиш ва ота-онага нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантириш;
❌ ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар ва ҳуқуқбузарликларни оқлаш;
❌ жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб қилиш;
❌ уятли сўзлар ва порнографик мазмундаги ахборотларни тарқатиш;
❌ ҳуқуқбузарликдан жабрланган боланинг шахсини аниқлаш имконини берувчи маълумотларни ошкор қилиш.
📌 Ёш белгиси — оддий рақам эмас. У ота-оналар, педагоглар, ахборот тарқатувчилар ва жамоатчилик учун боланинг ёшига мос ҳамда хавфсиз ахборотни танлашда муҳим йўриқномадир.
Болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, уларни руҳий, жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи материаллардан асраш — барчамизнинг умумий вазифамиздир.