Jańalıqlar

ТАДБИРКОРЛАРНИНГ МУАММОЛАРИ МАНЗИЛЛИ ЎРГАНИЛМОҚДА

ТАДБИРКОРЛАРНИНГ МУАММОЛАРИ МАНЗИЛЛИ ЎРГАНИЛМОҚДА
“Булоқбоши” маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган “Namangan sharbati” МЧЖ томонидан мевани қайта ишлашга ихтисослашган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа 1,6 гектар ер майдонида ташкил этилган бўлиб, йилига 25 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Лойиҳанинг умумий қиймати 25 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Лойиҳа тўлиқ ишга туширилгандан сўнг ҳудудда 150 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган бўлиб, бу аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугун туман ҳокими, Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутати Нажмиддинов Асадулла Икромович томонидан объектда олиб борилаётган қурилиш ва тайёргарлик ишлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш давомида корхона раҳбарияти билан мулоқот қилиниб, лойиҳани ўз вақтида ишга тушириш, ишлаб чиқариш жараёнларини йўлга қўйиш ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Жумладан, тадбиркор томонидан электр энергияси ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаат билдирилди.
Мурожаат юзасидан туман ҳокими томонидан масъул ташкилот раҳбарларига масалани тезкорлик билан ўрганиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
✅ Ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда янги иш ўринлари яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Slide 1 of 2