Бугун Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши томонидан вилоят Кенгаши сессиясида қабул қилинган VII-19-22-6-0-K/26-сонли қарор ижросини таъминлаш, ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини таҳлил қилиш мақсадида навбатдаги ўрганиш ишлари олиб борилди.
Жумладан, Янгиқўрғон туманидаги оғир тоифадаги “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилди. Ҳудудда олиб борилаётган ишлар аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда замонавий қулайликларни шакллантиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, маҳаллада канализация тармоқларини янгилаш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўрганиш жараёнида мутасадди ташкилотлар томонидан бажарилаётган ишлар сифати, қурилиш жараёнларида белгиланган меъёр ва талабларга риоя этилиши, шунингдек, ажратилган маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши атрофлича таҳлил қилинди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилиб, айрим йўналишларда ишларни жадаллаштириш, белгиланган муддатларга қатъий амал қилиш ва сифат масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Мазкур ўрганишларда Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг котибияти мудири Т.Гаппаров, вилоят Кенгаши депутатлари Н. Муҳаммадиева, Д. Хатамова ҳамда Янгиқўрғон тумани Кенгаши раиси Р.Мамажонов ва котибият ходимлари иштирок этдилар.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан бундай ўрганиш ишлари изчил давом эттирилиб, сессия қарорлари ижроси устидан депутатлик назоратини янада кучайтиришга устувор аҳамият қаратилади.