Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳи вилоятнинг Қоракўл туманида бўлиб, мамлакатимиз Президенти раислигида ўтказилган йиғилишларда макроиқтисодий барқарорлик, ҳудудлар иқтисодий ривожланишини таъминлаш, инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш, саноат, қурилиш, транспорт, экология ҳамда ижтимоий соҳаларда 2024 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ижроси билан яқиндан танишмоқда.
Хусусан, қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари ўрганишларини туман ҳокими Хуршид Тохиров ҳамроҳлигида “Қоракўл" эркин иқтисодий ҳудудидан бошладилар.
"ENTER STEEL KARAKUL" МЧЖ негизида 58 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ҳисобига амалга оширилаётган металл қувур ҳамда катта ҳажмдаги резервуарлар ишлаб чиқариш заводи фаолияти кўздан кечирилди. Айни вақтда тест режимида ишлаётган металл қувур ишлаб чиқариш заводининг биринчи босқичи яқин кунлар ичида тўлиқ қувват билан иш бошлаши кутилмоқда. Қарийб 75 гектар майдонни эгаллаган заводлар тўлиқ ишга тушганидан кейин қуввати йилига 300 минг тонна металл қувур ва 300 дона катта ҳажмдаги сиғим—резервуар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ҳамда 500 та янги иш ўрни яратилади.
Ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили туман марказидаги “Acharya” универстити бўлди. Таъкидлаш жоизки, Қоракўл туманида Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган “Acharya” университети филиали очилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Шунга қарамай, мазкур хорижий таълим муассасасида ўқиш истагини билдирган ёшлар сафи кенгайиб бормоқда. Бунга университетда йигит-қизлар замонавий ахборот технологиялари, киберхавфсизлик, бизнес таҳлил ва бошқа йўналишлар бўйича мукаммал билим олиш имкониятига эга эканликлари катта қизиқишларга сабаб бўлмоқда. Эътиборлиси, бу олий таълим даргоҳидаги педагогларнинг 70 фоизи хориждан, аниқроғи, Ҳиндистоннинг ўзидан келиб таълим бермоқда. Маҳаллий ўқитувчилар эса Ҳиндистонда малака оширишади. Ҳозирда олий таълим даргоҳида 150 нафар талаба таҳсил олмоқда. Хуллас, энди халқаро IT таълимига эга бўлиш учун чет эл ёки пойтахтга бориш шарт эмас.
Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йилнинг 29 ноябрь куни бўлиб ўтган қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги видеоселекторда Ўзбекистондаги сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди. Шундан келиб чиқиб, ирригация ва мелиорация тармоқларида иш айни қизиган қишки-баҳорги мавсумда Қоракўл туманида умумий узунлиги 139 километрга тенг ички тармоқ ариқларини бетонлаштириш чора-тадбири олиб борилмоқда.
Шу боис,ишчи гуруҳи аъзолари Маллаишайх маҳалласидан ўтувчи “Зиёрат” ариғининг узунлиги 2 километр масофадаги ўзанида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиб, ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг ҳам таклиф ва истакларига қулоқ тутдилар.
Ишлаб чиқариш субъектлари орасида бугун "Мергантекс" кўп тармоқли пахта-тўқимачилик кластери томонидан умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган томчилатиб суғориш қурилмалари ва улар учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш лойиҳаси рўёбга чиқарилмоқда. Айни пайтда бу ерда суғориш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича АҚШ ҳамда Хитой давлатидан 350 минг АҚШ долларига тенг сармояга харид қилинган технология ёрдамида бир ойда 12 миллион пагонометр ҳажмда резина сув қувури ишлаб чиқарилмоқда.
Шунингдек, “Мергантекс” МЧЖ томонидан фермер хўжаликлари далаларига ўрнатилган насос агрегатлари, ҳовузлар учун мембрана қопламалари, гидрант, фильтр, қатор ораларига тортилаётган шланглар, электр таъминотида трансформаторлар ҳолати ўрганилиб, зарур деталларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилгани маҳаллий фермер ва бошқа хўжаликлар учун яна бир қулайликдир.
— Мазкур агрокластер томонидан 2023 йилда 1 минг 300 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий этилган бўлиб, натижада сув сарф-харажати камайишига эришилиб, ернинг унумдорлиги оширилаётгани хўжаликлар моддий манфаатдорлиги ҳам ошмоқда,—дейди туман ирригация бўлими бошлиғи Ҳамроқул Равшанов.—Инновацион услубда айрим фермер хўжаликлари эндиликда пахтадан 70 центнергача ҳосил олаётгани фикримиз далили.
Туманнинг Мустақиллик маҳалласида “устоз—шогирд” йўналишида фаолият юритаётган “Ekvatorial Chodak” МЧЖ фаолияти ҳам пойтахт ишчи гуруҳи эътиборидан четда қолмади. Ҳозирда мазкур фабрикада меҳнат қилаётган хотин-қиз сони 200 нафарга етказилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Мономарказ биносининг бўш ётган спорт зали биноси алоҳида жиҳозланиб, унга дастлабки босқичда қиймати 300 миллион сўмдан ошиқ маблағ эвазига замонавий русумдаги 88 та тикув машинаси киритилган. Фабрика йиллик ишлаб чиқариш қувватини 35 миллиард сўмга етказиш, шундан 1 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотни экспорт қилиш кўзда тутилган. Ҳозирда ишлаб чиқилган ва истиқболига катта ишонч билдирилаётган мазкур лойиҳа туфайли маҳаллий бюджетга йилига қўшимча 4,2 миллиард сўм даромад тушум қилинади. Шу кунда эса цехда махсус кийимлар тикиб тайёрланмоқда.
Аввало, мазкур корхонага атрофдаги маҳалла ва қишлоқлардан оғир шароитда, даромадсиз қолган эҳтиёжманд оилаларнинг тикувчиликка қўли келишадиган, чеварликка қизиқувчи хотин-қизлари саралаб олингани ҳолда уларга 2 миллион сўм атрофидаги ойлик маош тайинланган. Жумладан, меҳнат жамоасига кундалик иссиқ овқат ва узоқдан қатновчилар учун транспорт хизмати жорий қилингани яна бир қулайлик.
Қайд этиш жоизки, Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида Қоракўл туманида янги массив учун Дўрмон ҳудуди белгиланиб, қурилиш ишлари жадал бошланганди.
Аҳоли уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини ривожлантириш мақсадида амалга оширилган мазкур жараён бугун якунига етказилди.
Эътиборлиси, марказлашган иссиқлик таъминотига уланган ушбу 240 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли замонавий турар жой мажмуасига кўплаб оилалар кўчиб келди. Шуниси, аҳамиятлики, келгуси 5 йил давомида бу ердаги кўп қаватли уйлар сони 70 тага, аҳоли хонадонлари эса 1400 тага етказилади. Ўтган давр мобайнида массивда 330 ўринга мўлжалланган мактаб, шунингдек, 240 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти, давлат-хусусий шерикчилиги асосида яна 120 ўринли замонавий болалар боғчаси ва 100 қатнов ўрнига мўлжалланган оилавий поликлиника бинолари ҳам қуриб битказилгани айни кунда жамоатчиликнинг юқори эътирофига сазовор бўлмоқда.
Худди шундай, ишчи гуруҳ томонидан туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Бу борада сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кредит ажратиш тизимининг соддалаштирилиши натижасида олис туманда ҳам тадбиркор бўламан деганлар сафи кенгаймоқда. Масалан, ўтган йил давомида жами 3522 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 85,9 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган. Ушбу рақамни 2022 йилга нисбатан қиёслайдиган бўлсак, оилавий тадбиркорлик йўналишида кредит олган фуқаролар 1,2 марта кўпайганини кўришимиз мумкин.
Ўрганишлар давомида шунингдек, маҳалла бошқарув тизимини такомиллаштириш ва маҳалла “еттилиги” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Давлатимиз Раҳбари томонидан 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган тегишли Фармон ва Қарор ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар тумандаги “Хўжалар” маҳалла фуқаролар йиғини мисолида ўрганилди. Бу жараёнда шунингдек, дорихоналардаги санитария-эпидемиология талабларига қай даражада риоя қилинаётганлиги, нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш, аҳоли томонидан асосан қандай дори-дармонларга талаб ва эҳтиёж бўлаётганига ҳам эътибор қаратилди.
Депутатлар шунингдек, Қоракўл тумани миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг замонавий типдаги янги биносида бўлиб, бу ерда аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишдилар.
—Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, ҳар жиҳатдан қулай шарт-шароитни яратиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш мақсади ётибди, —дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Назир Собиров бинода яратилган шароитларни кўриб.—Шу маънода сўнгги йилларда республикамизнинг жанубий сарҳадларидан бири Қоракўлда рўй бераётган янгиланишлар бу фикримиз далили.
Халқ вакиллари шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туманда амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари, жумладан “Янги Ўзбекистон” массиви, катта йўл ёқалари, ҳамда дала четларига маҳаллий иқлим шароитига мос мевали ва манзарали дарахт кўчатларининг ўтқазилиши билан ҳам қизиқдилар.
Депутатлар шунингдек, Қоракўл тумани миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг замонавий типдаги янги биносида бўлиб, бу ерда аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишдилар.