БИЛИМЛАР КУНИ — ЯНГИ МАҚСАДЛАР ВА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР ИБТИДОСИ
БИЛИМЛАР КУНИ — ЯНГИ МАҚСАДЛАР ВА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР ИБТИДОСИ Янги ўқув йилининг илк куни — 2 сентябрь Билимлар куни муносабати билан Янгиқўрғон туманидаги умумтаълим мактабларида байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Айниқса, туманнинг олис ҳудудларидан бири — «Нов» маҳалласида жойлашган 48-сонли умумтаълим мактаби жамоаси учун жорий ўқув йили алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Янги ўқув йили арафасида мазкур таълим муассасасида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, ўқувчиларнинг замонавий ҳамда қулай шароитларда таълим олиши учун янги имкониятлар яратилди. Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, жорий йилда 6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан мактабнинг мавжуд 180 ўринли ўқув биноси тўлиқ таъмирланди. Шунингдек, қўшимча равишда 180 ўринга мўлжалланган замонавий янги ўқув биноси барпо этилди. Билимлар куни муносабати билан мазкур таълим масканида ташкил этилган тантанали тадбирда туман ҳокими, Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутати Асадулла Нажмиддинов иштирок этди. Тадбир давомида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўқитувчи ва ўқувчиларга йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Сўзга чиққанлар ўқитувчи ва ўқувчиларни янги ўқув йили билан самимий муборакбод этиб, ёш авлодга илм-фан сирларини пухта эгаллаш, улкан зафарларга эришиш, янги марраларни забт этиш ҳамда Ватанимизга муносиб фарзандлар бўлиб камол топишларини тиладилар. Айниқса, мактаб остонасига илк бор қадам қўйган 38 нафар биринчи синф ўқувчисининг беғубор қувончи, устозларнинг эзгу ниятлари ва ота-оналарнинг юксак фахри байрам тадбирига янада кўтаринки руҳ бағишлади. Янги ўқув йили барча ўқитувчи ва ўқувчилар учун муваффақиятлар, юксак натижалар ҳамда янги имкониятлар йили бўлсин!