ФУҚАРОЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ВА АМАЛИЙ ЕЧИМЛАР
Бугун Янгиқўрғон тумани ҳокими, Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутати Нажмиддинов Асадулла Икромович томонидан ўзи сайланган округда навбатдаги фуқаролар қабули ўтказилди.
Қабул давомида аҳоли вакиллари томонидан уй-жойларни таъмирлаш, моддий ёрдам ажратиш, уй-жой кадастри ҳужжатларини расмийлаштириш, ички кўчаларни асфальтлаш, электр тармоқларини хавфсиз ҳолатга келтириш, болалар нафақасини тайинлаш, саломатликни тиклаш учун амалий кўмак кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган чиқиндихонани бартараф этиш каби масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Ҳар бир мурожаат тегишли соҳа ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, уларни қонуний ва ижобий ҳал этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Қонунчилик доирасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар юзасидан масъул раҳбарларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди. Қўшимча ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар эса муддати ва масъуллари белгиланган ҳолда назоратга олинди.
Фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларини жойида ўрганиш ҳамда амалий ечим топишга қаратилган бундай қабуллар изчил давом эттирилади.