УРУШ ҚАТНАШЧИСИГА КЎКРАК НИШОНИ ТОПШИРИЛДИ
Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида юртимизда уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган юксак эҳтиром ва эътибор яна бир бор ўз ифодасини топмоқда.
Шу муносабат билан Янгиқўрғон тумани ҳокими, Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутати Нажмиддинов Асадулла Икромович бошчилигида “Оқтепа” маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Муҳаммадиброҳим ота Иномов хонадонига йўқлов уюштирилди.
Меҳр ва эътиборга йўғрилган учрашув давомида фахрий отахоннинг ҳолидан хабар олиниб, у киши билан самимий суҳбатлашилди. Муҳаммадиброҳим ота Иномовнинг ибратли ҳаёт йўли, Ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ Муҳаммадиброҳим ота Иномовга «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Мазкур юксак эътироф фахрий отахонга бўлган чексиз ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди. Нуроний отахон юртимиздаги тинчлик, халқимиз фаровонлиги ҳамда мустақиллигимизнинг абадий бўлишини тилаб, дуо қилди.