Barcha yangiliklar
ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧЛИ ИНВЕСТИЦИЯ
Gallery image 276621
XOLMIRZAYEV XAYRULLO XAMIDULLAYEVICH
27 Okt 2026
15:36

ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧЛИ ИНВЕСТИЦИЯ

ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧЛИ ИНВЕСТИЦИЯ

Ҳар бир барпо этилаётган таълим муассасаси — бу оддий бино эмас. Унда келажак авлоди тарбияланади, орзу-умидлар қанот ёзади, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган билимли ва салоҳиятли ёшлар камол топади. Шу боис мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш давлат сиёсати даражасидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги ПҚ–393-сон “2026–2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашининг тегишли қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар 16-сайлов округи депутати У. Махкамов томонидан депутатлик назорати тартибида ўрганилди.
Ўрганишлар давомида Навоий маҳалласида жойлашган 15-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида қурилиш ишлари белгиланган режа асосида давом этаётгани маълум бўлди. Лойиҳага мувофиқ, мавжуд 90 ўринли эски бино ўрнида умумий қиймати 4 миллиард 100 миллион сўм бўлган, 120 нафар тарбияланувчига мўлжалланган замонавий мактабгача таълим муассасаси барпо этилмоқда. Қурилиш ишлари «Good Effort» МЧЖ томонидан сифатли ва белгиланган муддатларда амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Янгичек маҳалласидаги 31-сонли умумтаълим мактабида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда. Мавжуд 510 ўринли ўқув биноси мукаммал таъмирланиб, қўшимча равишда 330 ўринли янги ўқув биноси қурилмоқда. Мазкур лойиҳа «Меҳнат нури» МЧЖ пудрат ташкилоти томонидан амалга оширилмоқда.
Депутатлик назорати давомида қурилиш ишларининг сифати, белгиланган муддатларга амал қилиниши ҳамда объектларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Масъулларга қурилиш ишларини юқори сифатда якунлаш ва белгиланган муддатларга қатъий риоя этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида мазкур замонавий таълим муассасаларининг фойдаланишга топширилиши юзлаб болажонлар ва ўқувчилар учун энг муносиб байрам туҳфаси бўлади. Бу иншоотлар нафақат замонавий таълим муҳитини яратади, балки ёш авлоднинг билимли, ватанпарвар ва рақобатбардош кадрлар бўлиб вояга етиши учун мустаҳкам замин вазифасини ўтайди.
Зеро, таълимга киритилган ҳар бир инвестиция — эртанги кунга, юрт тараққиётига ва фарзандларимизнинг порлоқ келажагига қўйилган энг ишончли сармоядир.