

КЕЧАГИДАН ГЎЗАЛ, ЭРТАНГИГА ИШОНЧЛИ
КЕЧАГИДАН ГЎЗАЛ, ЭРТАНГИГА ИШОНЧЛИ.
Бир неча йил аввал Уйчи туманининг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган "Гулистон" маҳалласида ёмғирли кунларда кўчалардан ҳаракатланиш қийин, электр таъминотида узилишлар кузатилар, ички йўлларнинг таъмирталаб ҳолати эса аҳолига ноқулайлик туғдирар эди. Бугун эса маҳалла мутлақо янгича қиёфа касб этмоқда.
3896 нафар аҳоли истиқомат қилаётган мазкур маҳаллада амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш ишларида Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши раиси, 19-Гулистон сайлов округи депутати Г. Ҳакимованинг ташаббуси, доимий назорати ҳамда сайловчилар билан олиб бораётган тизимли мулоқотлари муҳим ўрин тутмоқда. Депутат томонидан аҳоли мурожаатлари изчил ўрганилиб, долзарб масалалар мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда босқичма-босқич ҳал этиб келинмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида маҳалладаги 8 та кўчанинг 5 таси тўлиқ асфальтланди. Айниқса, Г. Ҳакимованинг ташаббуси ва депутатлик назорати асосида "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида "Ҳунарманд" ва "Зарбдор" кўчаларидаги 3,2 километр ички йўл 1 миллиард 680 миллион сўм маблағ эвазига асфальтланиб, аҳоли учун муносиб шароит яратилди. Бугун ушбу йўллар орқали болалар мактабга, фуқаролар эса иш жойларига бемалол қатнаб келмоқда.
Шунингдек, депутатнинг саъй-ҳаракатлари ва мутасадди ташкилотлар билан самарали ҳамкорлиги натижасида 330-сонли қарор асосида электр тармоқлари тубдан янгиланди. Жумладан, 192 та симёғоч ўрнатилди, 5 километр SIP кабель тортилди ҳамда 3 та янги трансформатор ишга туширилди. Бу ишлар маҳаллада электр таъминотининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Маҳаллада амалга оширилган яна бир муҳим ишлардан бири — 1100 метр ариқнинг бетонланиши бўлиб, бу ҳудуднинг санитария ҳолатини яхшилаш, ободлик ва озодаликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Энг муҳими, бугун "Гулистон" маҳалласидаги ўзгаришлар фақат рақамларда эмас, балки одамларнинг ҳаётида, кайфиятида ва эртанги кунга бўлган ишончида намоён бўлмоқда. Бу эса халқ билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг муаммоларини эшитиш ва амалий ечим топишни ўз фаолиятининг устувор йўналишига айлантирган Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши раиси, 19-Гулистон сайлов округи депутати Г. Ҳакимованинг самарали депутатлик фаолиятининг амалий натижасидир.
Бугун "Гулистон" маҳалласи ободлик, бунёдкорлик ва аҳоли манфаатини таъминлаш йўлида олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг ёрқин намунасига айланиб, Мустақиллигимизнинг 35 йиллигини муносиб ютуқлар билан қарши олмоқда.