Ҳурматли фермерлар!
Сўнги йилларда
мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда яшил
майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Кўчат экиб, боғ яратиш – халқимизнинг азалий
қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва
кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва
фаровон бўлади.
Демак, халқимизнинг ибратли
ўтмиши ўзимиз яшаётган муҳитда табиатга оқилона муносабатда бўлиб, уни асраб
авайлаш, келгуси авлодлар ҳам яшаши учун қулай макон барпо этишга ундайди.
Айни чоғда боғлар, кўчалар ҳамда йўл четларида яшнаб
турган дарахтлар теварак-атрофга кўрк улашиши баробарида ҳаво мусаффолигини
таъминлаб, дастурхонимизни мевалар билан тўлдиради.
Дарахтларга меҳр бериш,
уларни парваришлаш энг эзгу ва хайрли амал саналади. Кўчат экиб, боғ яратиш,
атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий
қадриятидир.
Муҳтарам Президентимизнинг 2024
йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан
фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар
тўғрисида” ги ПҚ-465-сонли қарори билан белгилаб берган топшириқлари ана шундай
эзгулик йўлидаги жуда ҳам муҳим ташаббусдир.
Президентимизнинг ушбу
қарорлари билан Сиз, азиз фермерларга бир қанча енгилликлар ва имтиёзлар
берилган. Жумладан;
- ички фитосанитария сертификати бир йил давомида
бепул берилади;
- дала четларига экилган «in-vitro» усулида яратилган
мевали пайвандтагли кўчатларни сотиб олиш харажатларининг 50 фоизи миқдорида,
бироқ ҳар бир мевали пайвандтагли кўчатга 25 минг сўмдан ошмаган ҳолда
Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасидан
белгиланган тартибда субсидия ажратилади;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари дала
четини ўзлаштириш ва маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган уруғ, кўчатлар,
минерал ўғитлар, кимёвий препаратлар, моддий-техник ресурслар билан
таъминланади;
- сув билан таъминлаш учун насос ва қувурларни ўрнатиш
харажатларининг 50 фоиздан кўп бўлмаган қисмини қарз олувчининг банк
карталарига ўтказиш йўли билан 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатга
йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори
ставкада кредитлар ажратилади;
- қуритиш цехи ва совиткичли омборхоналарни харид
қилишга Фермерларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 50 миллиард сўм
маблағ ажратилади;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга 36
ойгача имтиёзли давр билан 84 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада ажратилиши,
бунда кредит суммасининг 60 фоизи бўйича гаров таъминоти сифатида ўрнатиладиган
қуритиш цехи ва совиткичли омборхоналар олиниши, 40 фоизи бўйича гаров
таъминоти сифатида уларнинг қайтмаслик хатарини суғурта қилиш бўйича суғурта
полиси олинади;
Бундан ташқари, мазкур қарорга
мувофиқ фермер хжаликларига тегишли майдонларнинг дала
четларига ҳар йили 1 апрелга қадар экин экмаганлик ва йил
давомида маҳсулот етиштирмаганлик ҳолатлари аниқланганда белгиланган
тартибда қуйидаги чоралар кўрилиши белгилаб қўйилди. Жумладан;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга
уларнинг барча қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари учун ер солиғи ставкаси
уч карра миқдорида ҳисобланади;
- Қишлоқ
хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан белгиланган тартибда
ажратиладиган кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштириш тўхтатилади;
- дала четларини
иккиламчи ижарага олган ижарачиларга Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш
инспекцияси томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда
жарима қўлланади;
Президентимиз таъкидлаганларидек “Яшил макон”
виждонимиз, бўлажак ҳаётимиз, фарзандларимиз олдидаги маъсулиятимиздир!
Кўчат экиш, боғ
яратиш, дала четида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш каби тадбирларида кенг
жамоатчилик қатори Сиз меҳнаткаш фермерларимизнинг ҳам муносиб улушларингиз
бор.
Жорий йил баҳор мавсумида Сиз ҳам далангиз четидаги бўш ерларга кўчат
экиш, боғ яратиш, дала четида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ўз
ҳиссангизни қўшинг.
Бунинг учун
мамлакатимиздаги кўчат етиштирувчи тўрт мингдан зиёд фермер, деҳқон
хўжаликларида ва томорқа ер эгаларида 32 миллиондан
зиёд тут, ток, тол, ёнғоқ, мевали ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари мавжуд.
Сиз улар билан
ҳамкорлик қилсангиз, юртимиз яшиллик оламига бурканишига ўзингизнинг муносиб
ҳиссангизни қўшган бўласиз.
Ҳурматли ва азиз фермерлар!
Сизларни ҳурматли Юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб,
мамлакатимиз равнақи ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун кўчат экиш, боғ
яратиш, дала четида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тадбирларида фаол
иштирок этишга чақирамиз!
Бу билан сиз халқимизга хос эзгу фазилатларга
ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз!
Зеро, нафақат ҳовли ва уйларимиз, маҳалла, шаҳар ва
мана шу ватан ҳам ўзимизники, унинг озодалиги ва кўркамлигига барчамиз
масъулмиз.
Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик!