Yangiliklar

#Munosabat

 “Қорақалпоғистоннинг табиий ва иқтисодий салоҳияти бугун янги босқичда намоён бўлмоқда. Айниқса,
энергетика, инвеститсия, саноат ва замонавий технологиялар йўналишларида белгиланган
вазифалар ҳудудимиз олдида улкан имкониятлар очаётганини кўрсатмоқда.
 

Қўнғирот тумани учун энг муҳим жиҳатлардан бири — 2,6 миллиард долларлик, 1,5 минг мегаватт
қувватга эга шамол электр стансияси қурилишининг бошлангани. Бу нафақат йирик инвеститсия
лойиҳаси, балки туманнинг узоқ муддатли иқтисодий ривожланиши учун стратегик аҳамиятга
эга ташаббусдир.
 

“Қўнғирот – Қораўзак – Тахиатош” йўналишининг “яшил саноат йўлаги”га айлантирилиши ҳам ҳудудимиз
учун алоҳида аҳамиятга эга. Энергетика билан бир қаторда саноат, логистика, рақамли
технологиялар ва янги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш учун зарур шароитлар шаклланмоқда.
 

Бундай имкониятлар, аввало, ёшларимиз учун янги касблар ва замонавий иш ўринларини яратиши
билан қадрли. Бугунги кунда дунёда “яшил” иқтисодиёт ва рақамли технологиялар жадал
ривожланаётган бир пайтда Қорақалпоғистоннинг ушбу йўналишларга кириб бориши келажак
учун муҳим қадамдир.
 

Депутат сифатида мен учун яна бир муҳим жиҳат — йирик лойиҳаларнинг ҳудуд аҳолиси манфаатларига
уйғун равишда амалга оширилишидир. Инвеститсия келиши билан бирга маҳаллий аҳоли
бандлиги, касбий тайёргарлиги, тадбиркорлик имкониятлари ва ижтимоий инфратузилма
ҳам ривожланиши зарур.
 

Бугун Қўнғирот олдида катта имкониятлар турибди. Бу имкониятларни реал натижага айлантириш,
белгиланган вазифаларнинг ижросини жойларда кузатиш ва аҳоли манфаатларини таъминлашда
депутатларнинг ҳам масъулияти катта.
 

Ишонаманки, бугун бошланган йирик лойиҳалар келажакда Қўнғиротнинг иқтисодий қиёфасини янада
бойитиб, янги иш ўринлари, янги ишлаб чиқаришлар ва янги тараққиёт нуқталарини яратади.”
 

⚡ Яшил энергия — бугуннинг лойиҳаси эмас, эртанги иқтисодиёт учун пойдевор.  

Slide 1 of 1