ЭСКИ ЁҒОЧ ЭЛЕКТР УСТУНЛАРИ ЯНГИЛАРИГА АЛМАШТИРИЛМОҚДА
Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши депутати Боймирзаев Улуғбек Муҳаммадович томонидан сайлов округида жойлашган маҳаллада Жаҳон банкининг «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганиш давомида маҳалла ҳудудидаги эски ва фойдаланишга яроқсиз ёғоч электр устунларини замонавий темир-бетон электр таянч устунларига алмаштириш ишлари кўздан кечирилди.
Депутат томонидан қурилиш-монтаж ишларининг сифати, электр тармоқларининг хавфсизлиги ҳамда лойиҳани белгиланган муддатларда якунлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ишлар натижасида маҳалла аҳолисини барқарор ва хавфсиз электр энергияси билан таъминлаш, авария ҳолатларининг олдини олиш ҳамда ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш кўзда тутилган.