Партияларнинг энг муҳим мақсади, бу - манфаатларини ўзлари қондириши лозим бўлган ижтимоий қатламлар ваколатларини сиёсий тизнмда ифода этишдир. Партиялар турли ижтимоий гуруҳлар, қатламларнинг манфаатлар ваколатларини жамиятнинг сиёсий тизимида ифода этиш йўли билан давлат билаи жамият ўртасидаги боғловчилик ва воситачилик функцияларини бажаради, шу билан бир вақтда улар жамиятнинг яхлитлиги ва бир бутунлигини таъминлайди. Давлат тизимидаги турлича: баъзан мусбатлашиб, баъзан манфийлашиб турадиган манфаатларни манфаатлар гуруҳлари, жамоат ташкилотлари ва партияларсиз назорат қилиб бўлмайди. Сиёсий партиялар у ёки бу манфаатларни ифода этибгина қолмасдан, бу манфаатларни шакллантиришда ҳам бевосита фаол иштирок этади. Партиялар фуқаролик жамиятини давлат билан уйгунлаштириб, муросасизликларни йўқотиш ёки юмшатишни таъминлайди, қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимиятларининг барқарорлигини сақлашга ўз ҳиссасини қўшади. Кучли партиялар давлатни кучсизлантирмайди, балки улар давлатни жамиятнинг маҳаллий органлари билан мустаҳкам боғлаб, сиёсий жараёнларни назорат қилишга ёрдамлашади.