Жорий йилги Тошкент
халқаро инвестиция форумида 7,5 мингдан ортиқ делегатлар қатнашди. 100 га яқин давлатдан салкам 3 минг нафар хорижий меҳмон иштирок этди.
Давлат раҳбари Тошкент
халқаро инвестиция форумининг очилиш маросимида унинг аҳамиятига урғу бериб,
форум туфайли эришилган натижаларни эътироф этди. Хусусан, Ўзбекистон ялпи ички
маҳсулоти сўнгги саккиз йилда икки марта ўсгани ва 2030 йилга келиб бу
кўрсаткични 200 миллиард долларга етказиш режалаштирилгани қайд этилди. Ўтган
йил давомида инвестициялар ҳажми 35 миллиард, экспорт эса 27 миллиард долларга
етгани Тошкент халқаро инвестиция форумининг тўрт йилдан бери узлуксиз ўтказиб
келинаётгани бежиз эмаслигини, ушбу тадбирнинг муваффақиятли ва самарали
эканини яққол кўрсатади.
Ҳаммамизга маълумки,
жаҳон иқтисодиёти ҳозир янги босқичга қадам қўймоқда ва катта ўзгаришлар
арафасида турибди. Шу сабабли Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев барқарор
тараққиётни мақсад қилган давлатларни ушбу муҳим йўналишларда биргаликда ишлашга
чақирди.
“Яшил” иқтисодиёт
моделига ўтиш
Иқтисодиётимизни
барқарор энергия билан таъминлаш учун айнан “яшил” энергетикани ривожлантиришга
катта эътибор қаратилади. Ўзбекистонда қисқа вақт ичида бу соҳага қарийб 6
миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди. Натижада, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 59 миллиарддан
82 миллиард киловатт-соатга етди. Келаси беш йилда бу кўрсаткични 120 миллиард
киловатт-соатдан оширилиб, “яшил” энергиянинг улушини 54 фоизга етказилади.
Шунингдек, электр тармоқларини модернизация
қилишга 4 миллиард доллар сармоя йўналтирилади. Жорий йилда Самарқандда, келгуси йилдан эса
яна 8 та ҳудудда электр тармоқларини хусусий сектор билан ҳамкорликда
бошқаришга берилади. Бундан ташқари, илк маротаба “яшил” сертификатлар ва углерод бирликлари
билан савдо йўлга қўйилганлиги маълум қилинди. Жорий йилда глобал
углерод бозорларига қўшилиб, “Яшил Ўзбекистон” иқлим инвестициялари
платформасини ташкил этилади.
Рақамли технология ва сунъий интеллект
иқтисодиётнинг “драйвери”га айлантириш
Жорий йилнинг ўзида
мамлакатимизда IT соҳаси экспорти 1 миллиард долларга етади. Ўзбекистон 2030
йилгача бу кўрсаткични 5 баробарга ошириш учун етарли салоҳият ва имкониятга
эга.
Шу йўналишдаги
саъй-ҳаракатларимиз халқаро миқёсда эътироф этилиб, Сунъий интеллектга тайёрлик
бўйича халқаро индексда бир йилда 17 поғона юқорилади. Келгуси йил “Булутли
технологиялар” миллий платформаси ишга туширилади. Яқин беш йил ичида хусусий
инвесторлар билан ҳамкорликда қуввати 500 мегаваттдан ортиқ бўлган 20 та “дата
марказ” бунёд этилади.
Бой тарихимиз, азалий
қадриятларимиз ва янги креатив ғояларни бирлаштирган сунъий интеллектнинг
миллий модели яратилади. Бу тизимнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида “Бир
миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси бошлаб юборилди. Мақсад Ўзбекистонни
нуфузли IT ва Fintech марказига айлантириш.
Банк, молия, суғурта,
капитал бозоридаги ислоҳотлар
Яқинда Халқаро валюта
жамғармаси ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистон молия сектори комплекс
баҳолашдан ўтказилди ва улар томонидан банк, молия, суғурта ва капитал
бозорларидаги ислоҳотларимиз тўлиқ қўллаб-қувватланди. Ушбу соҳаларнинг янада
тараққий этишини таъминлаш мақсадида, Молиявий барқарорлик кенгаши ташкил этилади
ҳамда Марказий банкда киберхавфсизлик ва молиявий технологиялар платформалари
ишга тушурилади.
Суғурта тизимида ҳам
кенг кўламли ислоҳотлар бошланди, натижада Миллий қайта суғурталаш компанияси
ва Глобал қайта суғурталаш рақамли платформаси яратилди.
Стартап лойиҳаларни
молиялаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган венчур инвестициялари ҳам
мамлакатимизда ривожланиб бормоқда. Мисол учун, ўтган йили 2 та стартап
компаниямизнинг қиймати илк бор 1 миллиард доллардан ошди. Шу муносабат
билан “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб
чиқилди.
Ер ости бойликларимиз
салоҳиятидан унумли фойдаланиш
“Тўртинчи саноат
инқилоби” туфайли “технологик минераллар”га бўлган талаб бир неча баробар
ортмоқда. Ўзбекистонда вольфрам,
молибден, магний, литий, графит, ванадий, титан ва бошқа кўплаб минералларнинг
катта захиралари мавжуд. Умумий ҳисобда, ер ости бойликларимизнинг салоҳияти 3
триллион долларга баҳоланмоқда.
Минтақамизни минераллардан юқори қўшилган
қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш марказига айлантириш учун барча шароитлар
мавжуд. Шу мақсадда Тошкент ва Самарқанд вилоятларида “Келажак металлари
технопарки” ташкил этилади. Бу соҳада геология-қидирув ишларидан бошлаб, тайёр маҳсулот ишлаб
чиқариш занжирини яратган инвесторларга ўн йил давомида рента солиғи қайтариб
берилади.
Хусусийлаштириш: самарадорлик ва инвестицияларни жалб қилиш
Мамлакатимизда хорижий
инвесторлар учун янада қулай шароит яратиш мақсадида маҳаллий компаниялар билан
тенг ҳуқуқли “миллий режим” жорий этилади, давлат идоралари билан алоқаларни
осонлаштириш учун “ягона дарча” тамойили татбиқ қилинади ва инвестиция фаолиятини
ҳимоя қилиш кафолатланади.
Давлат компанияларини
хусусийлаштиришда уларнинг мамлакатимиз равнақига хизмат қилувчи йирик
активларга айланишига эътибор қаратмоқдамиз. Шу сабабли, 18 та йирик компания
ва банклардаги қарийб 2 миллиард долларлик давлат акцияларини бирлаштирган
“Миллий инвестиция жамғармаси” ташкил этилди ва уни бошқариш учун нуфузли
“Franklin Templeton” компанияси жалб қилинди. Келгуси йилда жамғарманинг
акциялар пакетини халқаро IPO га чиқарилади. Бундан ташқари, профессионал
маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда икки йил ичида 29 та йирик давлат компанияси
хусусийлаштирилади.
Транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш -
иқтисодий тараққиёт гарови
Транспорт ва логистика соҳаси
иқтисодиётимизнинг асосий қон томири эканлигини англаган ҳолда, ушбу тармоққа
хусусий капитални фаол жалб этилмоқда. Мисол учун, Самарқанд, Наманган, Бухоро ва Урганч халқаро
аэропортлари давлат-хусусий шериклик асосида йирик инвесторлар бошқарувига
топширилди. Дунёга машҳур “Инчон” компанияси Урганч аэропортини бошқаришга жалб
қилинди. Келгуси йилда Нукус, Термиз, Фарғона ва Навоий аэропортлари бўйича ҳам
тендерлар ўтказилади.
Хулоса
қилиб айтганда, Тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистон учун
муҳим воқеа бўлди. Форум мамлакатимизнинг инвестиция салоҳиятини намойиш этиш,
хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга
хизмат қилди. Форум натижалари Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини
жадаллаштириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга
ёрдам беради.
Даврон
Шодмонов
“Юксалиш” ҳаракати Қашқадарё вилояти
бўлими раҳбари, вилоят Кенгаши депутати