РАДИВОН МАҲАЛЛАСИДАГИ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ МУАММОЛАРИ ЎРГАНИЛДИ
Халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгаши котибияти мутахассиси Эгамбердиев Комилжон томонидан Радивон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида маҳалла нуронийлари ва фаоллари иштирокида кўчама-кўча ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш жараёнида ҳудуддаги электр таъминоти билан боғлиқ қатор муаммолар аниқланди. Хусусан, Хўжа Радивон кўчасида жойлашган трансформатор ва электр тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш, трансформаторга тегишли эски ҳамда носоз электр устунларини замонавий бетон устунларга алмаштириш зарурлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Радивон-1 кўчасида қўшимча электр устунларини ўрнатишга эҳтиёж мавжудлиги, айрим ишлаб турган устунлар эса узоқ йиллар давомида фойдаланилгани сабабли яроқсиз ва хавфли ҳолатга келиб қолгани қайд этилди.
Аниқланган муаммоларни бартараф этиш, электр тармоқларини таъмирлаш ва аҳолини барқарор ҳамда хавфсиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотларга таклиф ва тавсиялар киритилиши белгиланди.