Аҳоли саломатлиги — доимий эътибор марказида
Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган 16-Дўнгелек сайлов округи депутати Базарбек Алекеев аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва уларнинг ўз вақтида ташкил этилиши ҳолатини ўрганиш мақсадида Янгиказган оилавий шифокорлик пунктида бўлди.
Ташриф давомида депутат тиббиёт муассасасида яратилган шарт-шароитлар, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизматлар, дори-дармон таъминоти ҳамда тиббиёт ходимларининг фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, муассасага мурожаат қилган фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш жараёни, мавжуд муаммолар ва таклифлари тингланди. Суҳбатлар давомида аҳоли томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва хизматлар сифатини янада ошириш бўйича муҳим асос бўлиши таъкидланди.
Депутат томонидан тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги долзарб масалаларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва соҳадаги муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш депутатлик фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.