Yangiliklar

So‘ngi yangiliklar

Муносабат

Табиий имкониятларни иқтисодий қийматга айлантириш — тараққиётнинг янги йўналиши • 24 сентября в 15:55

Қорақалпоғистоннинг табиий ресурслари президент Шавкат Мирзиёев ташрифи давомида янги иқтисодий ўсиш манбаи сифатида янада ривожлантирилиши белгиланди. Ҳудудда "ресурсдан тайёр маҳсулотгача" тамойили асосида саноат ва инвестиция харитаси яратиш режалаштирилмоқда. Соңги йилларда 860 МВт янги энергетик қувватлар ишга туширилиб, яшил энергия улуши 23% га етган.

Қўнғиротда 2,6 миллиард долларлик (1,5 ГВт) йирик шамол электр станцияси лойиҳасига старт берилди, Чимбойда биогаз ишлаб чиқаришга киришилди. Мақсад — ресурсларни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга айлантириш орқали янги иш ўринлари ва барқарар даромад манбалари яратиш.

Cocoon AI Summary

Қорақалпоғистон деганда кўз ўнгимизда кенгликлар, Оролбўйининг ўзига хос табиати, кучли шамол ва қуёшли кунларга бой ҳудуд намоён бўлади. Энди эса бу имкониятларга фақат табиий бойлик сифатида эмас, балки янги иқтисодий ўсиш манбаи сифатида қаралмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ҳудуднинг ер, минерал ва энергетика ресурсларидан янада самарали фойдаланиш, уларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга айлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада “ресурсдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида янги саноат ва инвестиция харитасини яратиш вазифаси белгиланди.

Қорақалпоғистоннинг энг катта имкониятларидан бири — унинг қайта тикланувчи энергия манбаларига бойлигидир. Нисбатан кучли шамол оқимлари ва қуёшли кунларнинг кўплиги ҳудудни “яшил” энергетика учун қулай маконга айлантирмоқда.

Бугун бу имкониятлар амалиётда ўз ифодасини топмоқда. Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда 860 мегаватт янги энергетик қувватлар ишга туширилди. Беруний ва Қораўзакдаги шамол электр станциялари ҳисобига “яшил” энергиянинг улуши 23 фоизга етди. Электр энергияси ишлаб чиқариш эса 4 карра ошиб, 5 миллиард 330 миллион киловатт-соатни ташкил этди.

Президент ташрифи доирасида Қўнғиротда қиймати 2,6 миллиард доллар, қуввати 1,5 гигаватт бўлган йирик шамол электр станциясини барпо этиш лойиҳасига старт берилгани эса бу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва учта 500 киловольтли подстанция қурилади.

Янги ёндашувнинг энг муҳим жиҳати шундаки, Қорақалпоғистоннинг бойликлари энди фақат хомашё сифатида эмас, балки тайёр маҳсулот ва юқори қўшилган қиймат манбаи сифатида қаралмоқда.

Бунинг амалий мисоллари аллақачон пайдо бўлмоқда. Чимбой туманида қизилмия илдизини қайта ишлаш орқали йилига 3 миллион куб метр биогаз ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланди. Яъни табиатда мавжуд ресурсни шунчаки олиш эмас, уни замонавий технология асосида қайта ишлаб, иқтисодий маҳсулотга айлантиришга эътибор кучаймоқда.

Бу тамойил келгусида саноатнинг кўплаб тармоқларида қўлланиши мумкин. Ер, минерал ресурслар, энергия ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш орқали янги корхоналар, янги касблар ва янги даромад манбалари пайдо бўлади.

Ташриф давомида Қўнғирот–Қораўзак–Тахиатош йўналишини “яшил саноат йўлаги” ва “интеллектуал иқтисодиёт учбурчаги”га айлантириш ғояси илгари сурилди.

Бу ёндашувнинг моҳияти жуда катта. Чунки энергетика, саноат, логистика, рақамли технологиялар ва инвестицияни бир ҳудудда уйғунлаштириш орқали янги иқтисодий занжир шаклланади. Қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқарилади, саноат корхоналари уни истеъмол қилади, хомашё қайта ишланади, тайёр маҳсулот яратилади ва уни бозорларга чиқариш учун транспорт инфратузилмаси хизмат қилади.

Шу тариқа Қорақалпоғистоннинг табиий салоҳияти аста-секин ишлаб чиқариш, технология ва экспорт салоҳиятига айланади.

Энг муҳими, бу жараённинг якуний натижаси фақат мегаватт, доллар ёки ишлаб чиқариш ҳажми билан ўлчанмайди. Унинг ҳақиқий самараси инсон ҳаётида кўринади.

Янги энергетика объектлари — янги иш ўринлари. Қайта ишлаш корхоналари — янги касблар. Рақамли иқтисодиёт — ёшлар учун замонавий меҳнат бозори. Янги саноат — маҳаллий тадбиркорлар учун янги имкониятлар демакдир.

Шу нуқтаи назардан, Қорақалпоғистоннинг табиий салоҳиятини иқтисодий кучга айлантириш — бу фақат иқтисодий вазифа эмас. Бу ҳудуд аҳолиси учун барқарор даромад, замонавий касб ва муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган узоқ муддатли тараққиёт йўлидир.

Қорақалпоғистонда бугун шамол энергияси электрга, табиий ресурслар саноатга, ҳудуднинг географик имкониятлари логистикага, ёшларнинг салоҳияти эса янги технологияларга айланмоқда. Президент ташрифи давомида белгиланган вазифалар ана шу жараённи янада тезлаштиришга қаратилган.

Табиат берган имкониятни асраш, уни оқилона ишлатиш ва халқ фаровонлигига хизмат қиладиган қийматга айлантириш — Қорақалпоғистоннинг янги тараққиёт формуласи бўлиб бормоқда.

Т.Юсупов
Халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгаши депутати