Наманган вилояти Мингбулоқ туманида қутилар ва бошқа турдаги идишларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зонасини ташкил этиш масаласи Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритилган муҳим масалалардан биридир.
Мазкур масалани ҳар томонлама пухта ўрганиш мақсадида Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши котибияти мудири Т. Гаппаров, вилоят Кенгашининг доимий комиссияси аъзоси У. Мусаев, Мингбулоқ тумани Кенгаши раиси А. Вахаббайев ҳамда туман Кенгаши котибияти мудири Б. Мамажонов томонидан ҳудудга чиқиб, жойида ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўрганиш жараёнида мазкур кичик саноат зонасини ташкил этиш учун таклиф этилаётган ер майдонлари, уларнинг инфратузилма билан таъминланганлик даражаси, хусусан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ҳамда транспорт-логистика имкониятлари атрофлича таҳлил қилинди.
Мутасаддилар томонидан кичик саноат зонасини ташкил этиш орқали янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш якунлари бўйича аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, ушбу масалани Кенгаш сессиясида атрофлича муҳокама қилиш учун зарур материаллар тайёрланиши белгиланди.