Депутат таълим масканидаги шароитларни яхшилаш йўлида камарбаста бўлмоқда
🗣Сўнгги пайтларда халқ вакиллари ўз сайлов округларидаги мактаб, боғча ва бошқа ижтимоий объектлар фаолиятини яқиндан ўрганиб, аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий қадамлар ташлашмоқда.
🔍 Халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгаши депутати Ноила Қўчқорова ҳам ўзи сайланган ҳудуд – "Чувилдоқ" МФЙда жойлашган 4-умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюриб, таълим масканининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди. Халқ вакилининг ушбу ташрифи мактабдаги ўқув-тарбия жараёни учун қулай шароитларни яратиш борасидаги долзарб муаммоларни аниқлашга қаратилди.
🔍Ўрганишлар асносида таълим муассасасининг спорт зали пол қисми батамом чириб кетгани туфайли бутунлай носоз ҳолга келиб қолгани, ўқувчилар жисмоний тарбия дарсларида спорт машғулотлари билан шуғулланишларида зах тортган залда етарли шароитлар мавжуд эмаслиги ойдинлашди.
🔍Шунингдек, мактабнинг иситиш тизимида 4 та қозон мавжуд бўлса-да, уларда циркуляцион насослар йўқлиги аниқланди. Бу эса қиш мавсумида таълим масканини сифатли иситишда қатор муаммоларни келтириб чиқариши тайин.
Депутат Ноила Қўчқорова: "Ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, жисмоний ва маънавий ривожланиши учун барча шароитлар яратилиши шарт. Айниқса, қиш мавсуми яқинлашаётган бир пайтда уни беталофот ўтказиш учун иситиш тизимидаги камчиликларни зудлик билан бартараф этиш керак. Зеро, болаларимизнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишларида барчамиз бирдек масъулмиз!"
🔍Халқ вакили аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиб, ўқитувчи ва ўқувчиларга бирдек шароитлар яратиб берилишини таъминлаш мақсадида дарҳол амалий чоралар излашни бошлади.
🔍Хусусан, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига аниқланган муаммолар юзасидан тегишли депутатлик сўровлари киритилди. Мактабнинг иситиш тизимидаги долзарб муаммоларни бартараф этиш ва созлаш масаласида амалий ёрдам олиш мақсадида, туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган штабга ҳам тегишли маълумотлар етказилди.