Yangiliklar

Муносабат

ТАДБИРКОРГА ИШОНЧ — ТАРАҚҚИЁТГА КУЧ

Президентнинг Қорақалпоғистонга ташрифи тадбиркорлик учун янги имкониятлар эшигини очди • 25 сентября в 16:39

Президентнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида тадбиркорлар ва инвесторлар билан мулоқот этилиб, иқтисодий тараққиёт учун янги лойиҳаларга старт берилди. 2016-2025 йилларда ҳудудга 5 млрд доллардан зиёд инвестиция киритилган, хусусий сектор улуши 66% га етган. Давлат томонидан фойда, ер ва мол-мулк солиқлари икки баробар камайтирилган.

Ташриф доирасида 592 миллион долларлик 11 та лойиҳа ишга туширилди ва 7 млрд долларлик 47 та янги лойиҳага старт берилди. Бунинг ҳисобига 8 мингта иш ўрни яратилади. Қарақалпоғистонда тадбиркорга ишонч аҳоли даромадини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш орқали тараққиётнинг асосий кучига айланиб бормоқда.

Cocoon AI Summary

Қорақалпоғистонда бугун иқтисодий тараққиётнинг янги манзараси шаклланмоқда. Бу жараёнда тадбиркорнинг ташаббуси, инвесторнинг ишончи ва янги лойиҳаларнинг амалга ошиши алоҳида аҳамият касб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 18–19 сентябрь кунлари ҳудудга ташрифи давомида тадбиркорлар ва инвесторлар билан мулоқот қилиниб, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.

Зеро, иқтисодиётдаги ҳар бир катта рақам ортида инсон тақдири, оила даромади ва янги имкониятлар турибди. Сўнгги тўққиз йилда Қорақалпоғистонга 5 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритилгани, фаол тадбиркорлик субъектлари сони 2,5 баробар кўпайиб, 26,5 мингтага етгани бугун тадбиркорлик муҳитида юз бераётган ўзгаришларнинг кўламини кўрсатади. Ҳудуд ялпи маҳсулотида хусусий сектор улуши 66 фоизга етган.

Бироқ имкониятнинг ўзи кифоя эмас — уни ҳаракатга, ғояни эса натижага айлантириш керак. Шу нуқтаи назардан, давлат томонидан тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Қорақалпоғистонда фойда, ер ва мол-мулк солиқлари икки баробар камайтирилган, саноат корхоналари учун электр энергияси тарифи 15 фоизга пасайтирилган, ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланган.

Президентнинг тадбиркорлар билан мулоқотидаги асосий мазмун ҳам ана шу — яратилган имкониятни аниқ иқтисодий натижага айлантириш масаласида мужассам бўлди. Ташриф доирасида 592 миллион долларлик 11 та лойиҳа ишга туширилди. Хорижий ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳани амалга оширишга старт берилди. Уларнинг ҳисобига 8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилиши белгиланган.

Бу рақамлар ортида Қорақалпоғистоннинг янги иқтисодий қиёфаси намоён бўлмоқда. Кегейлида замонавий паррандачилик мажмуаси ишга туширилиб, 70 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланди. Корхона нафақат ҳудуд эҳтиёжини қондирмоқда, балки хорижга маҳсулот экспорт қилмоқда. Сентябрь ойига қадар Афғонистонга 1,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилингани ҳам тадбиркорлик ташаббусининг иқтисодий самарасини кўрсатади.

Энг муҳими, бугун тадбиркорликка берилган эътибор фақат йирик корхоналар билан чекланмаяпти. Маҳалладаги кичик бизнесдан тортиб, йирик инвестиция лойиҳаларигача бўлган жараён ягона мақсад — аҳоли даромадини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга йўналтирилмоқда. Нукус туманида «Смарт маҳалла» тизимининг жорий этилиши ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш ва маҳалладаги имкониятларни самарали бошқаришга хизмат қилмоқда.

Бугун Қорақалпоғистонда тадбиркорга ишонч — тараққиётнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Президент ташрифи давомида инвесторлар ва тадбиркорлар билан бўлиб ўтган самимий мулоқот, янги лойиҳаларга берилган старт ва белгиланган вазифалар бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш учун имкониятлар бор, энди уларни самарали ишга солиш муҳим. Тадбиркорнинг янги ғояси — янги корхона, янги корхона — янги иш ўрни, янги иш ўрни эса оила ва маҳалла фаровонлигидир. Қорақалпоғистоннинг эртанги тараққиёти ана шу занжирнинг мустаҳкамлигига боғлиқ.

Г.Матмуратов
Халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгаши депутати