– Партиянинг келгуси беш йилликка мўлжалланган ушбу муҳим стратегик ҳужжатида қатор жиддий масалалар, кўплаб соҳалар ривожи учун истиқболли режалар қамраб олинган. Мисол учун, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида ҳам кўплаб амалий натижаларга эришиш мақсад қилинган. Жумладан, партия уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароитларини янада кенгайтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатни олиб боради.
Тақдим этилаётган Сайловолди дастурида оила институтининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликнинг муҳофазасини кучайтириш мақсадида “Оналик, оталик ва болаликнинг давлат муҳофазаси тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда. Бунда ФҲДЁ органларига никоҳланувчиларнинг яқин қариндошлик алоқаларини текшириш ҳуқуқини бериш, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ қурган фуқароларга ва расмийлаштирган масъулларга нисбатан жазо чораларини белгилаш назарда тутиляпти.
Қолаверса, оилавий ажримларнинг асосий сабабларидан бири ёшларнинг турмушга тайёр эмаслигини инобатга олиб, оила қураётган барча йигит ва қизлар учун уларни ижтимоий, психологик, моддий ва ҳуқуқий тарафдан турмушга тайёрлайдиган “Ёш оила” платформасини йўлга қўйиш, вояга етмаган шахсларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазоларни кескин кучайтириш, 14 ёшга етмаганларга нисбатан жиноят содир этган жиноятчиларга нисбатан умрбод қамоқ жазосини қўллаш акс этяпти. Сайловолди дастури хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш масалаларининг аниқ кўрсатилганлиги, мақсадларга эришишнинг муайян механизмлари акс этганлиги билан ажралиб туради.
Олдимизда турган муҳим масала – Сайловолди дастурини оддий ва содда тилда халқимиз онгу-шуурига етказишдир. Ўйлаймизки, сайловолди ташвиқоти вақтида бу каби юксак ғояларни юқори савияда, маҳорат билан сайловчиларга етказиб, партиямизнинг кўп депутатлик ўрнига эга бўлишини таъминлаймиз.