Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизда очиқлик, адолат ва қонунийлик тамойилларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Мазкур қонун коррупцияга қарши курашиш тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, давлат идораларида комплаенс назоратини кучайтириш, коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишга хизмат қиладиган таъсирчан механизмларни белгилаб берди.
Айниқса, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестрини юритиш, давлат хизмати ва давлат харидларида иштирок этишига чекловлар ўрнатилиши, шунингдек, давлат органларида мустақил комплаенс тизимининг жорий этилиши жамиятда ҳалоллик муҳитини қарор топтиришга хизмат қилади.
Қонун билан коррупцияга қарши курашишда нафақат ҳуқуқбузарликларни жазолаш, балки уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш, коррупциявий хавфларни тизимли таҳлил қилиш ва аҳолида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилгани эътиборга молик.
Халқ депутатлари Қўнғирот тумани Кенгаши депутати сифатида ушбу ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Чунки адолат устувор бўлган жамиятда тараққиёт, халқ ишончи ва давлат бошқарувининг самарадорлиги таъминланади. Ҳар бир раҳбар, ҳар бир давлат хизматчиси ва ҳар бир фуқаро коррупцияга қарши курашишни ўзининг фуқаролик бурчи деб билиши лозим.
Биз маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам ушбу қонун ижросини таъминлаш, жойларда очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, жамоатчилик назоратини ривожлантириш ҳамда аҳоли билан мулоқот орқали коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз муносабатни шакллантириш йўлида фаол иш олиб борамиз.
Зеро, коррупцияга қарши курашиш — фақат давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифаси ва масъулиятидир.
✍️ Халқ депутатлари Қўнғирот тумани Кенгаши котибияти