Мамлакатимизда келажагимиз эгалари ҳисобланган ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратилиб, уларнинг таълим ва тарбия олган етук инсонлар бўлиб вояга етишлари учун барча қулайликлар яратилган.
Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар, ёшларимизнинг, дунёнинг ривожланган мамлакатлари ёшлари билан билим ва бошқа соҳаларда эркин рақобатлаша оладиган юқори интеллектуал қобилият эгалари бўлиб шаклланишига кенг имкониятлар яратмоқда.
Фарзандларимизни турли ёт иллатларнинг аянчли оқибатларидан асраш, айниқса, коррупция иллатига қарши муросасизликка ўргатиш, "ҳалоллик вакцинаси" билан эмлаш, ҳар бир ота-она ва тарбиячилар, кенг жамоатчилик олдида турган долзарб вазифадир.
Коррупция иллатига қарши иммунитетни болаларда кичик ёшдан шакллантириш, яъни боғча ёшидаги болаларда машғулотлар жараёнида дастлабки тушунчаларни ҳосил қилиш орқали, фарзандларимизни тўғрисўз, пок ниятли, билимга, касб эгаллашга иштиёқи баланд инсонлар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Жорий йилнинг 5 март санасида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида, давлатимиз раҳбари томонидан бир қатор чуқур мазмун-моҳиятга эга ташаббус ва вазифалар ўртага ташланди.
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси томонидан апрель ойи "Коррупцияга қарши курашиш ойлиги" деб эълон қилиниб, ойлик доирасида маҳалла, ўқув юртлари ва меҳнат жамоаларида турли тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
Асосий мақсад кенг жамоатчилик ўртасида тараққиёт кушандаси бўлган коррупция иллатига қарши иммунитетни кучайтириш, коррупция иллатининг аянчли оқибатларини, ҳуқуқий жазо чораларини тушунтириш, ёшларимиз онгида ҳуқуқий, маънавий маданиятни шакллантиришдир.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, сўнгги йилларда турли соҳаларда рақамлаштириш, электрон давлат хизматлари сони ортиб бораётганлиги, коррупция ҳолатларининг келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Партиямиз Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш масаласига биринчи навбатдаги ижтимоий вазифа сифатида эътибор қаратилиб, ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш, соҳани коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш борасида «Ақлли тиббиёт» тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, «электрон поликлиника» ва «ягона электрон анкета» тизимларини йўлга қўйиш, тиббиёт даромад олиш манбаига айланиб қолмаслиги учун нодавлат тиббиёт ташкилотларини «тижорат ташкилоти»дан нотижорат ташкилотига ўтказиш, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишув ва ноқонуний мулоқот, фармацевтларнинг тиббиёт муассасаларига ғаразли ҳомийлигини тўлиқ тақиқлаш, бу каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш каби қатор устувор мақсадлар белгиланган.
Мамлакатимиз тараққий этиши юртимизда ҳар бир соҳа вакилининг фидокорона меҳнат қилишига, фарзандларимиз эгаллаётган билимга, уларнинг онгида турли ёт иллатларга қарши иммунитетнинг шаклланишига боғлиқ.
Шундай экан, фарзандларимиз тарбиясида ҳар биримиз сергак бўлиб, атрофимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга эътиборли муносабатда бўлишимиз даркор.
А.Кулжанова,
Халқ депутатлари Хўжайли тумани Кенгаши депутати