Муаммоларни ўз жойида ҳал қилиш, одамлар дардини тинглаш--масъулиятдир. Агар қуйи бўғинда бу иш амалга ошса кишилар вақтини йўқотиб юқори ташкилотларга мурожаат қилиб оввораю сарсон бўлмайди.
Туман Кенгаши депутатлари масъуллар ҳамкорлигида сайёр қабулларни ўз сайловчилари билан билан биргаликда ташкил этмоқдалар.
Туман Кенгаши депутати Махфират Атоева шундай қабулни Боғча маҳалласида ташкил этди.
Депутатга туман халқ қабулхонаси мудири Ғани Муяссаров, туман Кенгаши котибият мудири Раҳима Атоева, туман Адлия бўлими бош мутахасисси Мақсуд Ҳамдамовлар ҳамроҳлик қилдилар.
Дастлаб Боғча маҳалласи раиси Давлат Облобердиев, хоким ёрдамчиси Ҳусниддин Жалилов, хотин-қизлар фаоли Зарина Жўраева, ёшлар етакчиси Баҳодир Бешимовлар яратилаётган шароитлар, иш билан банд бўлмаганларни ишга жойлаштириш, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш борасида олиб борилаётган ишлари ҳақида ҳисобод бердилар.
Депутат қабулига келган Ризвон Жўраева, Қаландар Ғафуров, фаол аёллар Дилфуза Қўшаева, Гулмира Самиеваларнинг мурожаатлари, саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди, ҳуқуқий маслаҳатлар йўлланди.
Худди шундай учрашув
туман Кенгаши депутати Шаҳло Аслонова билан Ўба маҳалласида ҳам ўтказилди.
Сайёр қабулда маҳалла қишлоқларида уяли алоқа тизими яхши ишламаслиги, тоза ичимлик суви, йўлларни тартибга келтириш, янгидан давлат мактабгача таълим ташкилотлари очиш, нуронийлар учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар ўз вақтида берилмаслиги сингари муаммолар билан Дилдора Фаттоҳова, Мафтуна Темирқулова, Зубайда Абдуллаевалар мурожаат қилди. Депутат Шаҳло Аслонова ҳар бир мурожаатни назоратига олди.
Туман Кенгаши котибият мудири Раҳима Атоева,юрист Мақсуд Ҳамдамовлар ҳуқуқий маслаҳатлар бердилар.
Қуйи бўғинда туман Кенгаши депутатлари ташаббуси билан ташкил этилаётган бундай сайёр қабуллар ўз самарасини беради.